2023 йил 11 декабрь куни Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарларининг йиғилиши ўз ишини бошлади.
Мазкур тадбирда Ташкилотга аъзо Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон ҳамда кузатувчи давлат - Венгрия божхона хизмати раҳбарлари, Туркий давлатлар ташкилоти котибияти иштирок этишди. Шунингдек, Грузия божхона хизмати раҳбари йиғилишнинг фахрий меҳмони бўлди.
Меҳмонлар дастлаб Божхона қўмитасининг Божхона расмийлаштируви маркази ва Марказий божхона лабораториясида бўлишди.
Жорий йилнинг 29 август куни Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Божхона қўмитасига ташрифи чоғида ишга туширилган мазкур марказ халқаро жамоатчилик томонидан ҳам ғоятда қизиқиш билан қарши олинмоқда.
Моҳиятан ушбу ташриф божхона тизими ҳамиша Давлат Раҳбарининг диққат эътиборида эканлигини англатиш баробарида божхона ходимларига билдирилган юксак ишончнинг ўзига хос рамзига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2022 йил 27 апрелдаги ПФ-122-сон Фармонида соҳани рақамли трансформация қилиш, хизматлар сифати ва тезкорлигини ошириш бўйича топшириқлар белгиланган эди.
Божхона қўмитасида бунёд этилган Божхона расмийлаштируви маркази мазкур чора-тадбирларнинг амалий натижаси бўлди. Ушбу мажмуада Маълумотларни қайта ишлаш маркази, Марказлаштирилган масофавий электрон декларациялаш пости, “Call-марказ”, Таргетлаш ва хавфларни мониторинг қилиш бошқармаси ташкил этилди.
Бугунги кунда Марказлаштирилган масофавий электрон декларациялаш постида 116 нафар божхона ходимлари томонидан тадбиркорлар билан бевосита мулоқоти чекланган ҳолда товарлар масофавий расмийлаштирилмоқда.
Ушбу божхона постида республика бўйича расмийлаштирилаётган жами декларацияларнинг 50 фоизи (кунига 3 мингта) қамраб олинган.
Товарлар расмийлаштирувида ягона ёндашувга эришиш орқали тадбиркорлар харажатини янада қисқартиришга эришилмоқда.
Божхона қўмитасининг энг сўнгги замонавий шарт-шароитлар билан таъминланган “Call” маркази эса божхона органларида мурожаатлар билан ишлаш сифатини тубдан яхшилаб, бир кунда 600 дан ортиқ мурожаатларни куну-тун қабул қилиш ва муаммоли ҳолатларни тезкор ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Божхона қўмитасида ташкил этилган муқобили йўқ яна бир марказ
- Таргетлаш ва хавфларни мониторинг қилиш бошқармасидаги ахборот тизимларининг хорижий, шу жумладан, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бир қатор давлатлар божхона хизматларининг ахборот тизимларига интеграция қилингани ташкилот доирасида
“Янги иқтисодий имкониятлар ҳудуди”ни барпо этишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Бу ерда Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатларининг божхона хизматлари билан туну-кун ўзаро тезкор маълумот алмашинуви йўлга қўйилган.
2023 йилнинг 11 ойида расмийлаштирилган жами 1 млн.га яқин декларацияларнинг барчаси Хавфларни бошқариш тизими орқали қайта ишланиб, хавф аниқланган 60 мингга яқин декларациялар бўйича бюджетга 80 млн. доллардан ортиқ эквивалентидаги қўшимча тўловлар ундирилган.
83 фоиз декларация соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган, экспорт декларацияларнинг 81 фоизи эса инсон омилисиз амалга оширилган.
Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти ўртасидаги фаол ҳамкорликнинг янги намунаси бўлган Марказий божхона лабораторияси ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Жаҳон божхона ташкилотининг Минтақавий божхона лабораторияси мақомини олган бундай лабораториялар дунё бўйлаб атиги 10 та давлатда бор, холос.
Бугунги кунда лаборатория текстил маҳсулотлари, полимер ва ундан тайёрлаган маҳсулотлар, тамаки ва никотин моддаси сақловчи маҳсулотлар, генетик модификацияланган организмлар, озон қатламини бузувчи моддалар, металл ва металл қотишмалари, алкогол маҳсулотлари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир этувчи дори воситалари экспертизасини амалга ошириш учун зарур қурилмалар билан жиҳозланди. Бу ерда амалга оширилган экспертиза синов натижалари минтақа миқёсида тан олинади.
Пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида учрашувнинг асосий тадбири - Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарларининг 9-йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирга Божхона қўмитаси Раиси Акмалхўжа Мавлонов раислик қилди.
- Муҳтарам Президентимизнинг Ташкилот равнақига қўшаётган улкан ҳиссалари ва фаол иштироклари учун шу йилнинг ноябрь ойида Остонада “Туркий дунёнинг олий ордени” билан тақдирланганликлари, биз божхоначиларни ушбу майдонда янада ташаббускор бўлишни тақозо этди – деди ўз сўзида Акмалхўжа Мавлонов.
Таъкидлаш жоизки, Туркий тилли давлатлар орасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш, минтақада тинчликни таъминлаш, савдо ва инвестициялар учун қулай шароитларни яратиш ҳамда барча соҳаларда ҳамкорлик қилишдек шарафли йўлда ташкил этилаётган ушбу йиғилиш мамлакатларимизнинг тараққиёти ва бирдамлиги янада мустаҳкамланишига катта ҳисса қўшиб келаётган тарихий анжуманларнинг давомидир.
170 млн.дан ортиқ аҳолини қамраб олган Туркий давлатлар ташкилоти ҳудуди катта иқтисодий имкониятлар макони ҳамдир.
Ўзбекистон Ташкилотга аъзо бўлиб кирганидан буён ўтган тўрт йиллик қисқа даврда аъзо давлатлар билан товарлар ташқи савдо айланувининг ҳажми 23 фоизга (+1,5 млрд. долл.), экспорт ва импорт товарлари билан ҳаракатланаётган транспортлар сони 65 фоизга (+ 495 мингта) ортди.
Бугунги кунда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Венгрия давлатларининг тадбиркорлари билан ҳамкорлик қилаётган хўжалик субъектларининг сони 12 мингга етди.
2022 йил ноябрь ойида ташкилотнинг “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида бўлиб ўтган Самарқанд саммитида Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ўзаро товар айланмаси умумий ташқи савдонинг атиги 4 фоизини ташкил этади, қолгани эса учинчи давлатлар улушига тўғри келади, бундай ҳолат эса ҳеч кимни қониқтирмайди.
Шу боисдан Ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий пойдеворини мустаҳкамлаш, глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш, ягона транзит тармоғини шакллантиришда божхона идораларининг ўзаро ҳамкорлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Бу борада Самарқанд саммитида муҳим қадам ташланди - Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида Соддалаштирилган божхона йўлагини жорий этиш тўғрисида Битим имзоланди.Йиғилишда божхона хизмати раҳбарлари мазкур Битимни амалга оширишнинг техник шартларини муҳокама қилишди. Ҳужжат лойиҳаси Божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган.
Туркий давлатлар ташкилоти доирасида божхона ҳамкорлигини янада такомиллаштириш масаласи ҳам йиғилишда батафсил муҳокама қилинди. Ўзбекистон Ташкилотга аъзо давлатларнинг божхона хизматлари раҳбарлари кенгашини ташкил этиш ва унинг Низомини тасдиқлаш таклифини илгари сурди. Ушбу Низом лойиҳаси ҳам Божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган.
Кун тартибидаги долзарб масалалардан яна бири Туркий давлатлар ташкилоти ҳудудида ягона транзит тармоғини шакллантириш. Бунга эса аввало дунё миқёсида ТИР Конвенциясининг 2021 йил майдан кучга кирган электрон тартиботи - eTIR халқаро тизимига барча мамлакатлар уланган тақдирдагина эришиш мумкин.
“eTIR” тартиботи божхона расмийлаштируви вақтини қисқартиришдан транспорт харажатларини камайтиришгача бўлган бир қатор афзалликларга эга.
Ушбу халқаро тизимга Озарбайжон, Ўзбекистон ва Грузия қўшилган бўлиб, 2022 йил декабрь ойида дунёда илк бор Озарбайжон ва Ўзбекистон биринчи eTIR ташувини амалга оширган.
Мазкур янгилик жаҳон бизнес ҳамжамияти томонидан қизғин қарши олинган ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан кенг эътироф этилган.
Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иқтисодий Комиссияси ва Туркий давлатлар ташкилоти расмий сайтларида мазкур лойиҳа Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари ўртасида юк ташиш шароитларини яхшилаш ғоясининг ҳақиқий тимсоли дея баҳоланган.
“eTIR” тартиботи Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларни тўлиқ қамраб олса, юклар тўғрисида олдиндан маълумот олиш ва ўзаро алмашишни, божхона тартиботлари ва давлат чегараларини кесиб ўтишни тезлаштиришга,
мамлакатларнинг экспорт ва транзит салоҳиятини ошириш, ишончли ва хавфсиз транспорт коридорларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Шу боисдан йиғилишда Ўзбекистон eTIR ташувлари бўйича минтақавий ўзаро ҳамкорликка хизмат қилувчи Экспертлар ишчи гуруҳини ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарларининг Тошкент йиғилишида хавфларни бошқариш тизимини такомиллаштиришда янгиликлар билан тажриба алмашиш, ташқи савдо товарлари бўйича аниқланган хавфлар ҳақида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Томонлар шу мақсадда Божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг божхона маъмуриятлари ўртасида хавфларни бошқариш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида” Битим лойиҳасини мҳуокама қилишди.
Шунингдек, Ташкилот доирасида божхона хизматларининг экспертиза ва тадқиқотлар соҳасида ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш юзасидан ҳам фикр-мулоҳаза алмашишди.
Тадбир якунида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарларининг учрашуви Баённомаси ва қатор ҳужжатлар имзоланди.
Нуфузли халқаро тадбир доирасида кўплаб икки томонлама музокаралар, экспертларнинг ишчи учрашувлари ҳам ўтказилди.
Меҳмонлар 12 декабрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб, тарихий ва диққатга сазовор обидалар бўйлаб саёҳат қилишди.