Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 13/09/2016 Тошкентдаги масжидлардан бирига Ислом Каримов номи берилди
Тошкентдаги масжидлардан бирига Ислом Каримов номи берилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкентдаги масжидлардан бирига Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номи берилди. Бу ҳақда Биринчи Президентнинг қизи Лола Каримова-Тиллаeва хабар берди.

Унинг қайд этишича, пойтахтимизнинг “Фарғона йўли” кўчасида жойлашган жомеъ масжидига мамлакатимиз диний уламолари ҳамда кенг жамоатчилик таклифига биноан “Ислом ота” жомеъ масжиди номи берилди.

Лола Каримова-Тиллаеванинг эслатиб ўтишича, масжиднинг биноси 2015-йилнинг баҳор ойида содир бўлган ёнғин натижасида деярли буткул вайрон бўлган эди. Тошкент шаҳримизнинг энг қадимий масжидларидан бири бўлмиш, “Фарғона йўли” кўчасида жойлашган жомеъ масжидининг янгиланган биноси қурилиши тез кунларда ниҳоясига етади.

Масжидни тиклаш ишлари ўтган йилнинг сўнгида бошланиб 9 ой давом этди. Бугун жомеъ масжидининг умумий майдони қарийб икки баробар ошган бўлиб, 2900 квадрат метрдан 5400 квадрат метргача катталашди. Энди масжидда 560 киши намоз амалларини адо этиши мумкин.

Масжиднинг асосий биноси баландлиги 22,1 метрни ташкил этувчи гумбаз, 36,65 метрлик катта минора ва ҳар бирининг баландлиги 10,82 метр бўлган тўртта кичик миноралардан иборат.

Мажмуанинг лойиҳалаштириш ва қайта тиклаш ишларида меъмор ва қурувчилар Марказий Осиёда масжидлар қуриш қоидаларига тўлиқ амал қилдилар. Масжид биносининг ички ва ташқи томонларидаги кўплаб нақшлар ҳам Марказий Осиё меъморчилик мактаби анъаналарига мансуб ҳолда яратилди. Масжид ичкарисида гумбаз ва деворларга муқаддас Қуръони Карим оятлари малакали ҳаттотлар томонидан ганч билан ишланиб ёзилган.

Янги қурилган мажмуада кутубхона ва таҳорат хоналари ҳам барпо этилди. Имконияти чекланган инсонлар учун зарур ускуналар, ҳавони тозалаб берувчи қурилма ва кондиционерлар тизими мослаб ўрнатилди. Масжид ҳовлисида дам олиш жойлари ҳам яратилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг