Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Эрон Ислом Республикасига расмий ташрифи доирасида «Тошкентдаги Эрон инновациялар ва технологиялар уйи» (Iran House of innovation and technology in Tashkent — IHITT)нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Теҳрондан онлайн тарзда Эрон Президентининг Фан ва технологиялар бўйича ўринбосари (вице-президенти) Rouhollah Dehghani Firouzabadi ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирок этиб, икки давлат ўртасида илм-фан, инновациялар ва таълим соҳасида алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида ўз фикрларини баён этдилар.
Эрон инновациялар ва технологиялар уйнинг очишда бевосита Тошкентда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири биринчи ўринбосари Комилжон Каримов, Инновацион уй раҳбарлари Фахрулла Лутфиев ва Расул Беҳештифар иштирок этдилар. Тадбирда давлат идоралари, дипломатик корпус вакиллари, мутасаддилар, бизнес доираси, ОТМлар ректорлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Тошкентдаги Эрон инновациялар ва технологиялар уйи илмий асосланган янги технологияларни Ўзбекистонга олиб кириш жараёнини осонлаштириш учун ишлаб чиқилган халқаро дастурнинг бир қисми ҳисобланиб, Эрон компанияларининг инновацион технологиялари, маҳсулотлари ва хизматларининг доимий кўргазмасини ташкил этиш билан шуғулланади.
Бугун Тошкентдаги IHITT Эрон Ислом Республикаси фан ва технологиялар бўйича вице-президентининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси сифатида расман очилди. У билим алмашинуви, технологиялар трансфери, инновациялар экотизимини ривожлантириш ва Эрон ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар учун платформа яратишни мақсадида ташкил этилди. Шунингдек, у фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик орқали икки мамлакатнинг иқтисодий ўсиши, ижтимоий фаровонлиги ва барқарор ривожланишига ҳисса қўшишга интилади.
IHITT Ўзбекистон ва Эрон ўртасида кўприк вазифасини ўтайди ҳамда икки давлат ўртасида технологик алмашинув, ҳамкорлик ва шерикликни ривожлантиришга ёрдам беради.