Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда, 2024 йил 6 декабрда, «Oq Yelkan» ижтимоий ҳимоя ва таълим маркази ҳамда шериклари томонидан «Gender зўравонлигига қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» халқаро кампанияси доирасида «Зўравонликсиз дунё: санъат орқали қараш» номли ижодий танлови ташкил этилди.
Танловда талабалар ва ёшлар ўз ишлари – расмлар, график дизайн, видео ва реклама роликлари орқали аёлларга нисбатан зўравонлик муаммолари ва унинг олдини олиш йўлларини акс эттирдилар. Иштирокчиларнинг ишлари зўравонликка қарши курашнинг муҳимлигини кўрсатиб, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши кучли хабар берди.
Танлов нафақат мусобақа, балки ижтимоий адолат, хавфсизлик ва аёллар ҳуқуқлари масалаларини муҳокама қилиш, шунингдек, бундай жиддий муаммоларни ёритишда санъатнинг ролини кўрсатиш майдони бўлди. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, танлов ёшларга ўз фикрларини билдириш ва жамият эътиборини аёлларга нисбатан зўравонлик муаммосига жалб этиш имкониятини берди. Санъат жамоатчилик онгини ўзгартиришда катта роль ўйнайди ва ишлар келажакдаги ўзгаришларга илҳом беради деган умид билдирилди.
Тадбирнинг мақсади аёлларга нисбатан зўравонлик масаласига эътиборни жалб этиш, зўравонликнинг олдини олиш ва ҳар бир аёл ўзини хавфсиз ҳис этадиган барқарор жамиятни шакллантириш учун таълим ва маданиятнинг аҳамиятини таъкидлашдан иборат эди.