Ярмарканинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг қайд этишича, мазкур мева-сабзавот ярмаркаси Марказий Осиё минтақасида биринчи бор ўтказилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, ярмарка ишида 40 дан ортиқ мамлакатдан қайта ишловчи ва савдо компаниялари, халқаро савдо ташкилотлари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги соҳаси вазирлик ва идоралари, логистика компаниялари вакиллари ҳамда маҳаллий мева-савбзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва қайта ишловчи корхоналари иштирок этишмоқда.
Шавкат Мирзиёев шуни таъкидладики, Ўзбекистонда мазкур ярмарка икки кун ўтиши белгиланган эди, аммо хорижлик ҳамкорларнинг илтимосларига биноан ярмарка ўз ишини 16-июлга қадар узайтирди.
Ярмаркани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда экологик тоза, истеъмолбоп хусусиятлари ва мазаси бўйича тенги йўқ сабзавот, мева, узум ва полиз маҳсулотлари етиштиришнинг ғоят катта имкониятлари, шунингдек, уларнинг саноат асосида қайта ишланган тайёр сифатли маҳсулотлари тўғрисида чет эллардаги қайта ишловчи ва савдо компанияларини кенг хабардор қилишдан иборатдир.
Ярмарканинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқишнинг замонавий халқаро талаблари ва стандартларига мос келадиган самарали, шаффоф бозор механизмини шакллантириш;
ҳамкор шерикларни излаш ва улар ўртасида мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш шартномаларини тузишда қулай шарт-шароитлар яратиш ва бу борада ҳар томонлама кўмаклашиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар, қайта ишлаш корхоналари ҳамда чет эллардаги импорт қилувчи компаниялар, дунёга машҳур маркетинг тузилмалари ўртасида барқарор ва узоқ муддатли кооперацион алоқалар тизимини шакллантириш:
жаҳон мева-сабзавот маҳсулотлари бозорининг ривожланиш тенденциялари ва истиқболларини чуқур таҳлил этиш:
мамлакатимизнинг маҳсулот ечиштирувчилари ва қайта ишловчи корхоналарини ташқи бозорларда доимий харидоргир бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга йўналтириш мақсадида кенг кўламда хабардор қилиш;
келгуси йил ва ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган буюртмалар портфелини шакллантириш.
Ярмарка қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:
- хорижий ҳамкорларни Ўзбекистон Республикасининг мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилари билан таништириш; - мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилар, қайта ишловчи корхоналар ва хорижий импорт қилувчи компаниялар ўрчасида узоқ муддатли, истиқболли ва ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатиш: - мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш бўйича битим ва шартномалар тузиш: - Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларидаги имкониятлари тақдимотини ўтказиш.
Ярмарка доирасида Ўзбекистоннинг мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ва истеъмолчилари ўртасида “давра суҳбатлари”, икки томонлама музокаралар ташкил этилиши, ярмарка иштирокчиларининг интенсив боғларга, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарга, совутиш комплексларига ташриф буюришлари ҳам кўзда тутилган.