Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 28/09/2023 Тошкентда уй-жой нархи янада қимматлаши мумкин
Тошкентда уй-жой нархи янада қимматлаши мумкин

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари жорий йилнинг август ойи учун Тошкент шаҳридаги уй-жой ижара нархларининг даромадлилигини таҳлил қилди.

Уй-жойга киритиладиган инвестициядан олинадиган даромад икки қисмга бўлинади, яъни уй-жой нархининг ошиши (тушиши) келтирадиган фойда (зарар) ва уй-жойни ижарага беришдан олинадиган даромад.

Маълумот учун: Ҳисоб-китобларни амалга оширишда Жорда ва бошқаларнинг (2019) методологиясидан фойдаланилди.

Ҳисоб-китоб натижаларига кўра, 2023-йилнинг август ойида уй-жой ўртача нархининг ўтган йил август ойидагига нисбатан энг юқори ўсиши Юнусобод (37,1 фоиз) ва Мирзо Улуғбек (35,7 фоиз) туманларида қайд этилган бўлса, нисбатан пастроқ ўсиш Сергели (27,8 фоиз) ва Олмазор (24,4 фоиз) туманларида кузатилди. Бундан ташқари, кўчмас мулк эгаларининг уйларини ижарага беришидан (уй қийматига нисбатан) олинадиган даромад бўйича, Мирзо Улуғбек (12 фоиз) ва Чилонзор (10,6 фоиз) туманларида энг юқори даромад олинаётган бўлса, нисбатан пастроқ даромад Сергели (8,5 фоиз) ва Учтепа (8,2 фоиз) туманларида олинаяпти.

Маълумот учун: Агар 2023-йилнинг сентябрь ойида Глобал Пропертй Гуиде нашри томонидан 58 та давлат учун эълон қилинган уй-жойни ижарага беришдан олинадиган ўртача даромад рейтингига Тошкент шаҳри (10 фоиз) қўшилганида, Грузиядан (12,4 фоиз) кейин 2-чи ўринни эгаллаган бўларди. Мазкур рейтингда Грузиядан кейинги ўринларни Жанубий Африка Республикаси (9,9 фоиз), Ирландия (8,1 фоиз), Пуэрто-Рико (8,1 фоиз), Латвия (7,8 фоиз), Колумбия (7,7 фоиз), Моракаш (7,6 фоиз), Индонезия (7,6 фоиз) ва Литва (6,7 фоиз) давлатлари эгаллаган.

Туманлар ва уйлар бўйича кўпқаватли уйлардаги хонадонлар нархининг ўзгаришидан олинадиган фойда ва ижара даромадларининг биргаликдаги таъсири баҳоланганда 2 ва 3 хонали турар жойлар инвестицияларнинг даромадлилиги нуқтаи назаридан истиқболли бўлиб чиқди. Бундай уй-жойлар ижарасидан келаётган даромаднинг ўзи ўртача 10 фоизни ташкил этмоқда. 

Худди шу давр мобайнида муддати бир йилдан ортиқ бўлган хорижий валютадаги банк депозитларининг ўртача тортилган фоиз ставкаси 2022-йилнинг август ойидаги 4,3 фоиздан 2023-йилнинг август ойида 5,5 фоизга ошган. 

Хулоса: Уй-жой нархлари ошиб бораётган шароитда ижарадан келаётган даромаднинг жазибадорлиги аҳоли жамғармаларининг кўчмас мулкка йўналтирилишини янада рағбатлантиради. Бу эса уй-жойга бўлган талабни янада ошириб, улар нархининг янада қимматлашишига олиб келиши мумкин.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг