Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари 2023-йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида таклиф этилган уй-жой ижара нархларини таҳлил қилди. 2023-йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўртача таъмирланган уй-жой учун ижара нархлари тушишда давом этган бўлса, тўлиқ таъмирланган уйлар учун бироз кўтарилган.
Ноябрь ойида ўртача таъмирланган хонадонлар учун таклиф этилган ижара нархлари ўтган ойдагига нисбатан ўртача 0,7 фоиз пасайган.
Ноябрь ойида ўртача таъмирланган уйлар гуруҳида бир хонали хонадонлар учун таклиф этилган ижара нархлари октябрь ойидaгига нисбатан ўртача 0,4 фоиз ошиб, 401 АҚШ долларини ташкил этган. Мазкур даврда икки хонали хонадоннинг ижара нархлари (452 доллар) 0,8 фоизга тушган бўлса, уч хонали уйларнинг ижара нархи (519 доллар) 0,9 фоиз арзонлаган тўрт хонали уйларнинг ижара нархи (590 доллар) эса 1,3 фоизга пасайган.
Ноябрь ойида тўлиқ таъмирланган гуруҳдаги уйлар учун таклиф этилган ўртача ижара нархлари 0,2 фоиз ошган.
Хусусан, шаҳар бўйича бир хонали уйлар учун ўртача ижара нархлари (492 доллар) 0,5 фоиз ошган бўлса, уч хонали (786 доллар) ва тўрт хонали (907 доллар) уйлар учун ушбу кўрсаткич мос равишда 0,1 фоиз ва 0,4 фоизни ташкил этган. Лекин, икки хонали уйлар учун ўртача ижара нархлари 0,3 фоиз арзонлаб, 664 долларни ташкил этган.
Ижара нархлари тўғрисидаги маълумотлар olx.uz платформасидан веб скрепинг (web scraping) усулида тўпланди. Бунда октябрь ойи учун 42,4 мингта ва ноябрь ойи учун 40.6 мингта маълумотдан фойдаланилди.