Валюта курслари 07/11/2024
$1 – 12786.98
UZS – 0.09%
€1 – 13753.68
UZS – -1.16%
₽1 – 130.27
UZS – 0.1%
Қидириш
Ўзбекистон 24/05/2016 Тошкентда ШҲТнинг ТИВ раҳбарларининг йиғилиши ўтказилмоқда
Тошкентда ШҲТнинг ТИВ раҳбарларининг йиғилиши ўтказилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикасининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги раислиги доирасида жорий йилнинг 24-май куни Тошкент шаҳрида ШҲТга аъзо давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бошланди.

Йиғилишда Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов, Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ҳамда ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов ва ШҲТ Минтақавий антитеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоевлар иштирок этишмоқда.

Ташқи ишлар вазирлари Кенгаши, моҳияти жиҳатидан, 2016-йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгаши йиғилишига тайёргарликнинг якунловчи босқичи ҳисобланади.

Вазирлар бўлажак ШҲТ саммитининг кун тартиби лойиҳасини ҳамда давлат раҳбарлари қўл қўйиши режалаштирилаётган ҳужжатларни маъқуллашлари лозим.

Улар қаторида саммитнинг асосий якуний ҳужжати – ШҲТнинг ўн беш йиллик Тошкент декларацияси бўлиб, ушбу ҳужжат ўтган давр мобайнида ШҲТ фаолиятининг баҳоси, Ташкилотни ривожлантиришнинг истиқболлари бўйича аъзо давлатларнинг қарашлари, шу билан бирга, жорий халқаро ва минтақавий ҳолат ҳамда хавфсизликнинг долзарб муаммолари ечимлари юзасидан ШҲТнинг позицияларини ўз ичига олади.

ШҲТ фаолиятида Ташқи ишлар вазирлари Кенгаши механизми алоҳида ўрин тутади. Ушбу Кенгаш ШҲТ органлари қарорлари бажарилишини ва умумий мувофиқлаштиришни таъминловчи марказий бўғин ҳисобланиб, ташкилот доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича турли йўналишларда таклифлар киритади.

Ташкилотни кенгайтириш нуқтаи назаридан ШҲТ фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш мўлжалланмоқда. Вазирлар Ҳиндистон ва Покистонга ШҲТнинг тўлиқ аъзолигини бериш бўйича ушбу давлатларнинг ваколатли вакиллари билан олиб борилаётган музокара жараёнини кўриб чиқишади.

Шунингдек, Марказий Осийода хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ШҲТни бошқа халқаро тузилмалар ва давлатлар билан алоқаларини кенгайтириш ҳамда ШҲТнинг кузатувчи давлатлари ва мулоқот бўйича шерикларини Ташкилот доирасида амалий ҳамкорликка кенг жалб этиш масалалари кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, давлатлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш, тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш соҳасида ШҲТ олдида турган умумий вазифаларни ечиш, ШҲТга аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш ҳамда маданий ва иқтисодий соҳаларда ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.

2015-йилдаги ШҲТнинг Уфа саммити якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси ушбу ташкилотдаги раислик ваколатини қабул қилди ва унга катта масъулият билан ёндашди.

Ўтган йил давомида аъзо давлатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли ШҲТ фаолиятининг асосий йўналишларида аниқ натижаларга эришилди, вазирликлар ва экспертлар даражасида 40 дан ортиқ турли тадбирлар ўтказилди.

2015-йилнинг сентябрь ойида Камбоджа Қироллигига мулоқот бўйича шерикмақомини бериш тўғрисида Меморандум имзоланди. Жорий йилда Озарбайжон, Арманистон ва Непал билан ҳам худди шундай ҳужжатлар имзоланди.

Шу жумладан, жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида Минтақавий антитеррор тузилма Кенгаши йиғилиши ва аъзо давлатлар хавфсизлик Кенгаши котиблари учрашувлари муваффақиятли ўтказилди.

2016-йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида Маданият вазирлари мажлиси, ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши Бошқаруви ва Банклараро бирлашма кенгаши йиғилишларини ўтказиш режалаштирилмоқда.

ШҲТ Тошкент саммитида Ўзбекистоннинг раислиги ва охирги ўн беш йил давомидаги ташкилотнинг тараққий топиши якунлари сарҳисоб қилинади.

Ташқи сиёсий идора раҳбарлари учрашувлари ва ШҲТ саммити ҳужжатларини келишиш мақсадида, ушбу тадбирлар арафасида ШҲТга аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг