Унда ШҲТ Бош котиби Р.Алимов, Қозоғистон тараққиёт банки, Қирғизистон Республикасининг “РСК Банки”, Хитой Давлат тараққиёт банки, Россиянинг Тараққиёт ва ташқи иқтисодий фаолият банки (Внешекономбанк) давлат корпорацияси, Тожикистон Республикасининг “Амонатбонк” давлат жамғарма банки, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, шунингдек, шерик банклар сифатида “Беларусбанк” жамғарма банки, Покистоннинг “Ҳабиб Банк Лимитед” банки ва Мўғулистон тараққиёт банки раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда ШҲТ Банклараро бирлашмаси кенгашига раислик қилувчи банк вакилининг ушбу босқичда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки раислигида амалга оширилган ишлар натижалари тўғрисидаги ҳамда кенгашнинг бошқа аъзолари ва ШҲТ Банклараро бирлашмасининг шерик банклари вакилларининг жорий ҳамда истиқболдаги фаолият масалалари бўйича маърузалари тингланди. Томонлар инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш борасида, ШҲТ маконида ва Осиё минтақасида фаолият кўрсатаётган халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, ШҲТ Банклараро бирлашмасини ўрта муддатли истиқболда янада ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама этилди.
ШҲТ Банклараро бирлашмаси кенгаши йиғилишида томонлар сўнгги йилларда ШҲТда кузатувчи давлатлар ва мулоқот бўйича шериклар молия институтлари билан ўзаро ҳамкорлик ривожланиб бораётганидан қониқиш ҳосил қилди. Йиғилишда Мўғулистон тараққиёт банкига ШҲТ Банклараро бирлашмасининг шерик-банки мақомини бериш тўғрисидаги қарор имзоланди.