Валюта курслари 26/12/2024
$1 – 12928.27
UZS – 0.14%
€1 – 13462.21
UZS – 0.35%
₽1 – 129.66
UZS – 0.44%
Қидириш
Технологиялар 25/12/2024 Тошкентда олимлар «яшил» энергетикага ўтиш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкентда олимлар «яшил» энергетикага ўтиш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2024 йил 19–20 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида «Энергия самардорлиги-2024. Замонавий технологиялар – Ўзбекистон энергетикаси ривожининг асоси» мавзусида халқаро илмий-техникавий анжуман бўлиб ўтди. Тадбир анаънавий тарзда Энергетиклар кунига бағишланэди.

Анжуман Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети (ТДТУ) томонидан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги кўмагида ташкил этилди. Анжуманда МДҲ, Европа ва Осиё давлатларидан 150 дан ортиқ олим ва мутахассислар иштирок этди. Анжуманнинг асосий мавзуси энергетика соҳасида замонавий технологияларни қўллаш ҳамда глобал иқлим ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда барқарор энергия манбаларига ўтиш масалаларига бағишланди.

ТДТУ ректори, академик Садритдин Тўрабжонов ўз чиқишида Ўзбекистонда энергетика тизимини модернизация қилиш йўлида ишончли қадамлар ташланаётганини таъкидлади.

Шунингдек, у янги энергетика қувватларини ишга тушириш ва умумий қиймати 7 миллиард доллардан ортиқ бўлган 24 лойиҳани ишга туширишга алоҳида эътибор қаратди. «Ушбу лойиҳалар келгуси йилларда қўшимча 9,5 миллиард кВт·соат электр энергиясини ишлаб чиқариш, 2,5 миллиард м³ табиий газни тежаш ва атмосферага 460 миллион тонна зарарли газлар чиқишининг олдини олиш имконини беради. Қолаверса, Париж битими доирасида 2030 йилга қадар зарарли газлар эмиссиясини 35 фоизгача камайтириш мўлжалланган. Умид қиламанки, бугунги анжуманда муҳокама қилинган масалалар ва ечимлар Президентимиз томонидан белгилаб қўйилган вазифаларни самарали амалга ошириш учун замин яратади», — деди Тўрабжонов.

Москва энергетика институти ректори, профессор Николай Рогалев конференция иштирокчиларига видеомурожаат орқали интеллектуал энергия тизими ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, интеллектуал тизимлар, айниқса сунъий интеллект имкониятлари билан, энергия самарадорлик муаммоларини энг оқилона усулда ҳал қилиш имконини беради. «Бундай тизимларни яратиш учун профессионал кадрларни тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Конференция бу масалага алоҳида эътибор қаратади деб ишонаман», — деди Рогалев.

Таниқли олим, академик Қаҳрамон Аллаев ўз маърузасида жаҳон ва Ўзбекистон энергетикасини ривожлантириш ҳақида маълумот берди. У жаҳон энергетикасини ривожлантишнинг асосий сценариялар моҳияти ҳақида гапириб, улардан бири  атмосферага зарарли газларни чиқишни 2050 йилгача нолга чиқариш сценарийсига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, олимнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб атом электр станциясини қуришни режалаштирмоқда.

«Маълумки, Ўзбекистонда 330 МВт қувватли кичик атом электр станциясининг қурилиши бошланади. Бу илк қадам. Ҳисоб-китобларимизга кўра, 2050 йилга бориб, АЭСларнинг умумий қуввати  8дан 10 ГВтгача бўлиши керак. Шундагина биз нол эмиссияларга эришиб, Париж битими талабларига жавоб бера оламиз», — дея таъкидлади Аллаев.

Олимнинг сўзларига кўра, мамлакатимиз раҳбариятининг ўз олдига қўйган вазифаларига кўра, 2030 йилга бориб электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмини 129 миллиард кВт·соатга, 2035 йилга бориб эса 170 миллиард кВт·соатга етказиш масаласини ечиш учун қайта тикланувчи энергия манбалари ва атом генерацияси ҳисобида ҳам ҳал этиш мумкин. Анжуман ташкилотчилари маълум қилишича, қуёш ва шамол электр станцияларининг ишга туширилиш натижасида мамлакатнинг энергия тармоқдаги «яшил» энергия улушини 16 фоизга етказиш имконини берди. 2030 йилгача 19 минг МВт қувватга эга бўлган қўшимча «яшил» энергия манбалари қурилиши режалаштирилган бўлиб, бунинг натижасида қайта тикланадиган манбалари улушини 54 фоизга етказиш имконини беради.

Анжуман давомида иштирокчилар энергия самарадорлиги, ёқилғи ресурслари ҳамда энергетика соҳасида рақамли технологиялардан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилдилар. Тадбир якунида кўпчилик экспертлар Ўзбекистон энергетика соҳасида «яшил» технологиялар ва инновацияларни жорий этиш бўйича минтақадаги етакчи давлат бўлиш учун барча имкониятларга эга деган фикрга қўшилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг