Валюта курслари 08/05/2025
$1 – 12910.15
UZS – -0.11%
€1 – 14660.77
UZS – 0.27%
₽1 – 159.78
UZS – -0.1%
Қидириш
Иқтисод 29/04/2025 Тошкентда Ўзбекистон-Россия ишбилармонлар кенгашининг йиғилиши ўтказилди

Тошкентда Ўзбекистон-Россия ишбилармонлар кенгашининг йиғилиши ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 28 апрель куни “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” бешинчи халқаро саноат кўргазмаси доирасида Ўзбекистон-Россия ва Россия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг ўнинчи қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон–Россия ишбилармонлар кенгаши икки мамлакат бизнес доиралари орасида ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини ўрнатиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, ҳамкорлик йўлида юзага келадиган масалаларга ечим топиш мақсадида 2005 йилда Ўзбекистон ва Россия Савдо-саноат палаталари негизида ташкил этилган.

Йиғилишда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Д.Расулов, Россия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ижрочи директори Ф.Дегтярев, Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Д.Волвач, Россия Савдо-саноат палатаси вице-президенти Е.Дибова, шунингдек, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Делегациялар раҳбарлари ўз чиқишларида мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик юксак даражада эканини, қўшма сармоявий лойиҳалар сони изчил ошиб бораётганини ҳамда узоқ муддатли савдо алоқалари йўлга қўйилганини алоҳида таъкидладилар.

Таъкидлаш жоизки, Россия Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2024 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 11,6 миллиард доллардан ошди.

Йиғилишда Кенгашнинг ўтган йилдаги фаолияти якунлари кўриб чиқилди, шунингдек, келгуси вазифалар, ташқи савдо ҳамкорлигининг истиқболлари ҳамда икки мамлакат корхоналари ва ташкилотлари ўртасидаги тармоқлараро ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, йиғилишда электрон тижорат, ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорлик имкониятлари, меҳнат тақсимоти ва тармоқлараро кооперацияни кучайтириш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди. ИТ-технологияларни жорий этиш ва рақамли интеграция икки мамлакатнинг бизнес муҳити ва савдо тизимларининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Иштирокчилар ҳудудлараро ҳамкорлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Минтақавий даражадаги шериклик бизнес ташаббусларини тезкор қўллаб-қувватлаш ва инвестиция лойиҳаларини жойларда самарали амалга оширишга асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

Йиғилиш якунлари бўйича “Партнёрская аудиторско-консалтинговая сеть РУКОН” ассоциацияси ва “Prima Audit” аудиторлик ташкилоти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг