Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 24/03/2022 Тошкентда Ўзбекистон ҳамда Туркия Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди
Тошкентда Ўзбекистон ҳамда Туркия Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

2022 йилнинг 24 март куни «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда Туркия Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси ҳамда Туркия Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг турли вазирлик ва идоралари, олий таълим муассасалари, тадқиқот марказлари, соҳа экспертлари ва етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида сиёсий-дипломатик, маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Жумладан, конференция аввалида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўз олиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик сезиларли даражада фаоллашганини қайд этди. 

- Самарали ҳамкорлик ривожига асосий туртки бераётган муҳим омил сифатида икки давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган олий даражадаги учрашувлар, самимий мулоқотларнинг ўрни катта, албатта.

Жумладан, 2018 йилда янги мулоқот формати – олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгаши тузилди. 2020 йилда Анқарага Президент Ш.Мирзиёев ташрифи доирасида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди.

Таъкидлаш лозимки, айниқса сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик сезиларли даражада фаоллашди. Буни биз турли даражадаги икки давлат ташкилотлари ўртасидаги муносабатлар ривожланиб бораётганида, бу Парламентлараро муносабатлар бўладими, вазирлик-идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасалари, оддий фуқароларимиз ўртасидаги алоқалар мисолида кўриб турибмиз.

Шунингдек, Президент Ш.Мирзиёевнинг 2021 йил 12 ноябрь куни Туркий кенгашнинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган саккизинчи саммитдаги иштироки ҳамда Туркий Кенгаш номини «Туркий давлатлар ташкилоти» деб ўзгартириш ва мазкур ташкилотнинг биринчи саммитини 2022 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши алоҳида аҳамиятга эга.

Тадбирда икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 30 йиллиги муносабати билан Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси ўринбосари Алижан Аксой ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Шунингдек, халқаро конференцияда Туркия миллий телеканали сиёсий шарҳловчиси Ахмет Йешилтепе, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Баҳром Сотиболдиев, Киршеҳир Эрван университети профессори Нур Четин, Марказий Осиё халқаро институти бўлим бошлиғи Алишер Собировлар маъруза билан иштирок этиб, Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг тарихи, бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида ўз фикр- мулоҳазаларини билдиришди.

Шунингдек, маърузачилар бой табиий ресурслар ва инсон капитали, чуқур давлатчилик тажрибаси ва маданий меросга эга Ўзбекистон сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг юқори суръатларини намойиш қилаётганини, Ўзбекистон минтақадаги барқарорлик ва фаровонлик борасида йўл кўрсатувчи, илҳом манбаи эканини ва Туркия порлоқ келажак сари қатъий қадамларида Ўзбекистон билан бирдамликда бўлишда давом этишини алоҳида эътироф этдилар.

Таъкидлаш жоизки, барча соҳаларда, хусусан сиёсат, иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат, хавфсизлик, маданият, ёшлар, таълим, матбуот ва инсоний муносабатлар каби соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг чуқурлашиб бораётгани нафақат Ўзбекистон ва Туркия халқларининг, балки қўшни давлатларнинг ҳам фаровонлиги, тинчлиги ва барқарорлигига катта ҳисса қўшишига шубҳа йўқ.

Конференция якунида маърузачилар иштирокчилар томонидан берилган барча савол-жавобларга батафсил жавоб қайтардилар.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг