Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 22/02/2022 Тошкентда мева-сабзавот саноати вакилларининг Форуми ташкил этилди
Тошкентда мева-сабзавот саноати вакилларининг Форуми ташкил этилди

Мамлакатимиздаги мавжуд табий-иқлим шароити қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, хусусан, мева-сабзавотчиликни барқарор ривожлантириш имконини беради. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати томонидан соҳани бозор муносабатларига ўтиш жараёнида мева-сабзавотчиликни ривожлантиришга устувор йўналишлар сифатида катта эътибор қаратилмоқда. Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича ривожланган давлатлар тажрибаларининг таҳлиллари ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг соҳа бўйича маркентинг хусусиятлари ҳамда кооперацияси ва кластерларини ривожлантириш зарурати борлигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон иқтисодиётида мева-сабзавотчилик тармоғининг ўрни ҳақида гапирганда, статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йилига 21 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилади. Лекин, уларнинг бор-йўғи 1,5 миллион тоннаси экспорт қилинади. 

Шунга қарамай соҳа таҳлилчиларининг фикрига кўра, 2021 йил Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотларининг халқаро савдосидаги жуда муҳим ва узоқ кутилган тенденция қайд этилган бўлиб, музлатилган сабзавот ва мевалар экспорти ҳажми 2020 йилга нисбатан икки баробардан зиёдроқ ошган.

Бундан ташқари, музлатилган мевалар экспорти таркибида юқорироқ нарх тоифасидаги маҳсулотлар томон силжиш кузатилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2021 йилда Ўзбекистон 9,3 миллион долларлик 12,1 минг тонна музлатилган сабзавот экспорт қилган. Бу 2020 йилга нисбатан жисмоний жиҳатдан 2 баробар, экспорт тушумлари бўйича эса 2,3 баробар кўп кўрсаткич ҳисобланади.

Музлатилган мевалар эса, ушбу тоифадаги маҳсулотлар экспорти ҳажми 7,6 миллион долларлик 5,8 минг тоннани ташкил этган, бу эса ўтган йилга нисбатан жисмоний жиҳатдан 2,1 баробар, тушум миқдори бўйича эса 2020 йилги кўрсаткичлардан 2,5 баробар кўп деганидир.(маълумотлар олинган EastFruit).

Юқорида келтирилган маълумотлардан келиб чиқиб, ҳукумат томонидан 2030 йилгача белгиланган «Ривожланиш стратегияси» доирасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилишда мева-сабзавотчилик Ассоциациялари, илм-фан ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлиги бўйича амалга ошириладиган режа дастурлар бўйича Ўзбекистон мева-сабзавот саноати вакилларининг I Форуми ташкил этилди. 

Форум ташкилотчилари: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи комиссияси кўмагида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган Annexure FS ва Kleffmann компаниялари ҳисобланади.

Форумда халқаро экспертлар, маслаҳатчилар, тегишли ассоциациялар, корхоналар, идора ва ташкилотлар вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мазкур Форум "Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик маркетинги бўйича техник кўмак" лойиҳаси доирасида ташкил этилган бўлиб, тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад — Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортчиларини бирлаштириш, иштирокчиларга соҳадаги янги тенденциялар фкир алмашиш, маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт ва импорт қилувчиларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштиришдан иборат.

Шу билан бирга, тадбирда соҳанинг етакчи мутахассислари томонидан тайёрланган маърузалар тингланди, қишлоқ хўжалиги экинлари ва мева-сабзавотларни етиштириш ва экспорт қилиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Форум Ўзбекистон ва хорижий давлатлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва бизнес тузилмалар ўртасида тажриба алмашиш учун ўзига хос платформа бўлиб хизмат қилади.

Тадбир давомида иштирокчиларга долзарб масалаларни атрофлича муҳокама қилиш имконини берувчи панель музокаралари ҳам ўтказилади. Бундан ташқари, маҳаллий ва хорижий мутахассисларнинг Annexure Financial Solutions компаниясининг истиқболли лойиҳалари бўйича таҳлилий материаллари, янги бозорлар, қуритиш ва музлатиш технологиялари, қишлоқ хўжалиги экинларининг хусусиятлари, энг яхши навлар, Ўзбекистон иқлим шароитида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда бу соҳада юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ҳақидаги мақолалари чоп этилаётган янги «ШиринМева» журналининг навбатдаги сони тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг