Валюта курслари 30/04/2025
$1 – 12933.16
UZS – -0.12%
€1 – 14719.23
UZS – 0.16%
₽1 – 158.28
UZS – 0.86%
Қидириш
Ўзбекистон 30/04/2025 Тошкентда МДҲ Иқтисодий кенгашининг 105-йиғилиши бўлиб ўтди

Тошкентда МДҲ Иқтисодий кенгашининг 105-йиғилиши бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 29 апрель куни Тошкент шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Иқтисодий кенгашининг 105- йиғилиши бўлиб ўтди. МДҲ Иқтисодий кенгаши аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров иштирокчиларга кириш сўзи билан мурожаат қилди. Йиғилишни МДҲ Иқтисодий кенгаши раиси, Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ҳоким Ҳолиқзода очиб берди ҳамда тадбирга бошчилик қилди.

Йиғилишда делегациялар раҳбарлари сифатида Озарбайжон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ёқуб Аюбов, Арманистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Мгер Григорян, Беларус Республикаси Бош вазири ўринбосари Юрий Шулейко, Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Дониёр Амангелдиев, Россия Федерацияси ҳукумати раиси ўринбосари Алексей Оверчук иштирок этди.

Шунингдек, тадбирда МДҲ Иқтисодий кенгаши ҳузуридаги Иқтисодий масалалар бўйича комиссияда Қозоғистон Республикасининг ваколатли вакили Бекетжан Жумахонов, Туркманистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Шадурди Мередов ҳамда МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев қатнашди.

Йиғилиш давомида МДҲга аъзо давлатларнинг иқтисодий ҳамкорлигига оид қуйидаги кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди.

2030 йилгача бўлган даврда МДҲ доирасида ўзаро инвестицияларни жалб қилиш ва ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар мажмуаси тасдиқланди. Ҳужжат тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев маълумот бериб ўтди. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган бўлиб, инвестиция муҳитини яхшилаш, МДҲга аъзо давлатлар иқтисодиётига ўзаро тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини кўпайтириш ва инвестицияларни жалб этиш самарадорлигини ошириш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Делегациялар раҳбарлари МДҲга аъзо давлатларнинг ҳаво ҳаракатини ташкил этиш миллий тизимларини уйғунлаштириш концепцияси лойиҳасини маъқуллади. Концепция МДҲга аъзо давлатларнинг ҳаво ҳудудидан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш, халқаро аэронавигация учун «шаффоф» чегараларни таъминлаш ва ҳаво ҳудудидан фойдаланувчиларга ягона қоидалар ҳамда технологиялар асосида хизмат кўрсатишга қаратилган. Ушбу концепция ҳақида йиғилганларга Давлатлараро авиация қўмитаси раиси Олег Сторчевой ахборот берди.

Ушбу чора-тадбирларни амалга оширишдан кутилаётган натижа фуқаро авиацияси ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлиги, мунтазамлиги ва тежамкорлигини ҳамда ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш сифатини оширишдан иборат.

Ҳужжат МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши муҳокамасига киритилади.

“Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги концепцияси лойиҳаси тўғрисида”ги масала юзасидан йиғилганларга Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Андрей Плутнитский маълумот берди. Концепцияга кўра, ушбу ҳамкорликнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат: МДҲга аъзо давлатлар аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган мувофиқлаштирıлган ҳаракатларни амалга ошириш ҳамда жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш, аҳоли турмуш сифатини ошириш, фармация соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш йўналишларида давлатлараро ҳамкорлик учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳисобланади.

Концепция лойиҳаси МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг