Анжуман Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Бош прокуратура томонидан бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Пойтахтимизда мазкур конференцияга бағишлаб ўтказилган брифингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) У.Муҳаммадиев оммавий ахборот воситалари ходимларини халқаро конференциянинг мақсади, вазифалари ва дастури билан таништирди.
Халқаро анжумандан асосий мақсад мамлакатимизда мустақиллик йилларида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳуқуқий мақомини янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар тўғрисида дунё жамоатчилигининг хабардорлигини ошириш, мазкур йўналишдаги ишларни муҳокама этишдан иборатдир.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоялашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилди. Мамлакатимиз Конституцияси, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига доир 16 кодекс қабул қилинди. Инсон ҳуқуқлари бўйича қонунчилик базаси яратилди.
Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан ортиқ халқаро ҳужжатларни ратификация қилган, деб хабар беради ЎзА.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016-йил 5-октябрда имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда Олий Мажлис ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича институт ташкил этишнинг тавсия этилиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинларини ҳимоялаш борасидаги ислоҳотларни янада кенгайтиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.