Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Тошкент шаҳар ҳокимлигида Италия Республикасининг “Kedrion biopharma” тиббиёт компанияси вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Таъкидлаш жоиз, “Kedrion biopharma” томонидан ишлаб чиқариладиган плазмадан олинган терапевтик маҳсулотлар бутун дунёда гемофилия ва иммунитет танқислиги каби касалликларни даволашда қўлланилади. Яқин келажакда Тошкентда ҳам замонавий талаблар асосида қон препаратларининг бир неча турини тайёрлашга ихтисослашган завод ишга туширилади.
Янги линиянинг йўлга қўйилиши учун “Kedrion biopharma” тиббиёт компанияси томонидан 25 млн. АҚШ доллари қийматида хорижий инвестиция маблағлари киритилади ҳамда завод лабораториясини сўнги технологиялар асосида жиҳозланади.
Маълум қилинишича, компания томонидан тайёрланадиган фактор VIII плазма линиясининг нархи жаҳон биржасида белгиланишига қарамасдан, Ўзбекистон Республикаси учун унинг нархи дастлабки келишувга асосан камида 8 йил давомида ўзгармай қолади.
Учрашувда “Kedrion biopharma” тиббиёт компанияси билан ҳамкорлик муносабатларни ўрнатиш ҳақидаги англашув меморандуми имзоланди. Янги завод қурилиши бўйича лойиҳа комиссиясини тузиш юзасидан ишчи гуруҳ фаолиятини йўлга қўйиш борасида таклифлар киритилди.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати.