Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 21/02/2018 Тошкент вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш борасида амалга оширилган ишларни O‘zLiDeP депутатлари танқидий муҳокама қилишди
Тошкент вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш борасида амалга оширилган ишларни O‘zLiDeP депутатлари танқидий муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президентимизнинг “Тошкент вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорининг вилоят ҳудудидаги ижросини назорат-таҳлил тариқасида ўрганиш якунлари юзасига бағишланган Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Одилхон Рустамов Президентимизнинг “Тошкент вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати юзасидан ҳисобот берди.

Ҳисоботда таъкидланишича, Президентимизининг мазкур қарори билан Тошкент вилояти ҳудудида 17 та кичик саноат зоналарини ташкил этилиши белгиланган бўлиб, уларда тўқимачилик, чарм-пойабзал, кимё, озиқ-овқат, электротехника саноати, қурилиш материаллари, мева-сабзавотни чуқур қайта ишлаш, ойна, эшик ва ромлар, политилен трубалар, мебелъ маҳсулотларини ва бошқа йўналишларда юқори технологияли экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Ушбу Қарор асосида Тошкент вилоятининг тегишли туман ва шаҳарлари ҳудудидан жами 140,2 гектар ер майдони ажратилиши белгиланган, амалда эса фақат 89,66 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, унинг ҳам 87,2 гектар қисмида лойиҳа ташаббускорлари томонидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу каби амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим камчиликлар борлиги ҳам тўхталиб ўтди. Масалан, Бўка, Бекобод, Бўстонлиқ, Паркент, Янгийўл ва Юқори Чирчиқ туманлари ҳамда Бекобод ва Чирчиқ шаҳарларида КСЗлар учун белгиланганидан кам миқдорда ер майдонлари ажратилганлигига урғу берилди.

Тадбирда тадбиркорлар ва ишбилармонлар мутасадди ташкилотларга мазкур кичик саноат зонасида ўз фаолиятларини йўлга қўйишда айрим камчилик ва муаммолари борлиги юзасидан таклиф ҳамда фикр-мулоҳазаларини билдирди. Хусусан, кичик саноат зонаси ҳудудида ички ва ташқи муҳандислик-коммуникация тизимларини шакллантириш лойиҳалари тўлиқ ишлаб чиқилмагани, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва канализация тизими билан таъминлаш бўйича ҳеч қандай ишлар амалга оширилмагани, қўшимча ер майдонлари ўз вақтида ажратилмагани каби камчиликлар борасида танқидий фикрлар билдирилди.

Йиғилиш якунида кўтарилган бу каби қатор муаммо ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси муҳокамасига киритишга келишиб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг