Мазкур ҳужжат топшириш билан боғлиқ масалалар, бу йилга қабул шартлари бўйича ҳар куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига кўплаб қўнғироқлар, мурожаатлар бўлмоқда.
IUT нинг “Қабул ҳамда академик масалалар” бўлими раҳбари ўринбосари Беҳзод Жалилов қайд этди: Абитуриентлар учун талаблар ҳудди ўтган йилдагидек қолдирилди. Ҳеч қандай ўзгаришлар йўқ. Ҳужжатларни қабул қилиш онлайн тарзда амалга оширилади. Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ҳужжат топшириш учун IELTS ёки TOEFL iBT расмий сертификатини тақдим этиш лозим”.
“IELTS ёки TOEFL iBT расмий сертификати бўлмаган абитуриентлар IUT абитуриенти сифатида рўйхатдан ўтиб, 2017 йилнинг 10 июлига қадар шундай ҳужжатни қўлга киритишлари керак. Қайд этамиз, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ҳужжат топшириш учун албатта IELTS ёки TOEFL iBT расмий сертификатларидан бири тақдим этилиши лозим. Бундай сертификати бўлмаган абитуриентлар кириш имтиҳонларига қўйилмайди”, - қўшимча қилди Жалилов.
Абитуриентларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Британия Кенгаши билан ҳамкорликда IELTS имтиҳонларига ёпиқ сессияни ташкил этмоқда. Имтиҳон 2017 йилнинг 8 июнь куни бўлиб ўтади. Абитуриентлар 2017 йилнинг 12 майига қадар рўйхатдан ўтишлари лозим. Ҳужжат топширмоқчи бўлганлар қўшимча маълумот учун IUT маъмуриятига мурожаат қилишлари мумкин.
Беҳзод Жалиловнинг қайд этишича, мазкур сессия IELTS сертификатини олиш учун абитуриентларга сўнгги имконият ҳисобланади, сабаби, Британия Кенгаши маълумотларига кўра, IELTS имтиҳонлари учун барча саналар жорий йилнинг август ойига қадар ёпилган.
Альтернатив тарзда абитуриентлар TOEFL iBT® имтиҳонларини топширишлари мумкин. Абитуриентлар 2017 йилнинг 6 май ва 3 июнь кунлари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети биносида бўлиб ўтадиган TOEFL iBT имтиҳонларига рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Беҳзод Жалиловнинг қайд этишича, одатда абитуриентлар ўз ҳужжатларини қабул кампанияси тугашига озгина қолганда топширишади, шунинг учун ҳам улар IELTS ёки TOEFL iBT имтиҳонларини топшириш учун рўйхатдан ўтишга улгурмай қолишади.
“Биз Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ўқишга кирмоқчи бўлган барча абитуриентларни ҳужжатларни ўз вақтида топшириб, IELTS ёки TOEFL iBT расмий сертификатини қўлга киритиш учун яратилган имкониятдан унумли фойдаланишларига чақирамиз”, - қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, ҳужжатлар 2017 йилнинг 17 апрелидан то 10 июлига қадар университетнинг сайти(www.inha.uz) да онлайн тарзда қабул қилинади. Сайтда абитуриентлар махсус анкетани тўлдириб, қуйидаги ҳужжатларнинг электрон нусхасини илова қилишлари лозим: паспорт, академик лицей ёки касб-ҳунар коллежини битирганлиги тўғрисидаги диплом (агар абитуриент ҳали лицей ёки коллежни битирмаган бўлса – ундай ҳолда ўқув юртининг маълумотномаси)ни, IELTS ёки TOEFL имтиҳонини топширганлиги тўғрисидаги сертификат (агарда абитуриентда ҳали бундай сертификат бўлмаса, у ҳолда IELTS ёки TOEFL имтиҳонларига рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотнома)ни ва 3,5х4,5 ҳажмдаги фотосурат.