Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 17/01/2016 Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари «Камолот» стипендияси соҳибига айландилар
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари «Камолот» стипендияси соҳибига айландилар
Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг икки нафар талабаси «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг стипендияси совриндори бўлдилар.

«Камолот» стипендияси 2007-йилда иқтидорли ва ташаббускор талабаларни қўллаб-қувватлаш учун таъсис этилган. Стипендия «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати аъзолари, ташкилот тадбирлари ва лойиҳаларида фаол иштирок этувчи, ўз фуқаролик позициясига эга ва ёшлар учун ижтимоий лойиҳа тақдим этганлар учун берилади.

«Камолот» ЁИҲ маълумотига кўра, бу йил танловда 311 нафар олий таълим муассасалари талабалари иштирок этдилар. Республика комиссияси томонидан талабалар фаолияти ўрганиб чиқилди ва 75 нафар талаба танлов совриндорига айланди. Улар орасида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари ҳам бор.

«Камолот» стипендиясига Тошкент шаҳридаги Инҳа Университетининг иккинчи курс талабалари Зиёмуҳаммад Усмонов и Нуруддин Иминохунов сазовор бўлдилар.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети проректори Нурилла Маҳаматов: «Биз талабаларимиз учун хурсандмиз. Улар ушбу стипендияни қўлга киритган университетнинг илк талабаларидир. Ўйлайманки, улар бошқа тенгдошларига ўрнак бўладилар. Бизда иқтидорли ёшлар кўп ва улар яхши таълим олиб, етук мутахассисга айланишлари ва Ўзбекистон ривожига ўз ҳиссаларини қўшишлари керак».

Нуруддин Иминохунов: «Мен бу стипендияни EnglishLife.uz лойиҳаси учун олдим. Лойиҳа инглиз тилини бирга ўрганишга қаратилган. Лойиҳа 2012 йилда ишга туширилган бўлиб, ўзининг кўплаб мухлисларига эга. 2015 йилда сайт Миллий интернет танловида учинчи ўринни эгаллади. «Камолот» стипендияси бу лойиҳани янада ривожланишига кўмак беради деб ўйлайман».

«Ҳаммага маълумки, алгоритм атамаси бизнинг ватандошимиз Ал-Хоразмий номлари билан узвий боғлиқ. Компьютер технологияларининг ривожланишида ота-боболаримиз хизматлари ҳам улкан. Шундай экан бугунги куннинг ёшлари ҳар соҳада улуғ аллома боболаримизга хос авлод бўлишга ҳаракат қилишлари лозим. Шу маънода мен «Камолот» стипендиясига Code Chalange лойиҳаси билан қатнашдим. Ушбу лойиҳа ёшлар орасида дастурлаш моҳиятини янада тўлиқроқ тушуниш, уни янада чуқур эгаллаб, амалда қўллашга ёрдам беришни мақсад қилади. Унда ҳар бир универститетда маълум бир гуруҳлар тузилади, ҳамда бу жамоалар тақдим этилган масалаларга алгоритмлар ёрдамида ечим топишлари талаб этилади. Ҳар бир соҳага компьютер кириб бораётган бугунги кунда бу лойиҳа ўзининг долзарблиги билан ажралиб туради. Бундан ташқари, лойиҳа мамлакатимизда амалга оширилаётган “электрон ҳукумат” тизимига ўтишда керак бўлаётган кадрларни тайёрлашга ёрдам бериши, ёшларнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланишга, ахборот тизимини янада кенг тушунишга ёрдам беради», - деди Зиёмуҳаммад Усманов.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг