Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 28/07/2017 Тошкент-Нью-Йорк-Тошкент йўналиши бўйича тўғридан-тўғри парвоз амалга оширилди
Тошкент-Нью-Йорк-Тошкент йўналиши бўйича тўғридан-тўғри парвоз амалга оширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жорий йилнинг 27 июлида Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси Boeing 787 Dreamliner самолётида Тошкентдан Нью-Йоркка тўғридан-тўғри узлуксиз парвозни бажарди. Бугун, 28 июлда, МАК Дримлайнери саҳнида 243 нафар йўловчи билан Миллий авиаташувчи тарихида илк бор трансатлантик узлуксиз парвозни амалга ошириб, Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортига келиб қўнди.

Нью-Йоркка тўғридан-тўғри қатновни МАК экипажи - Учувчилар мажмуаси директори ўринбосари Сергей Ким, авиакомпания бош штурмани Станислав Гурфинкель, Boeing 787 Учувчилар отряди командири Асаджон Турсунов, иккинчи учувчилар Рустам Курганов ва Олимжон Узоқов амалга оширди. “Орзу кемаси”ни Нью-Йоркдан Тошкентга қайтишда самолёт командири Павел Мaргачев, Boeing 787 Учувчилар отряди учувчи-йўриқчиси Алексей Маркин ва иккинчи учувчи Улуғбек Ишмаҳамедов бошқарди.

Таъкидлаш жоизки, авиакомпания экипаж аъзолари учун Нью-Йорк- Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри қатновни бажариш мураккаблик туғдирмайди, боиси, улар самолёт эксплуатациясиясидан олдин Дримлайнерни ишлаб чиқарувчи компания заводидан ўзлари бошқариб келишган.

Замонавий Boeing 787 Dreamliner самолётларида Тошкент-Нью- Йорк-Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри парвозларнинг бажарилиши - Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси ривожида янги давр бошланганидан далолатдир. “Орзу лайнер”ларининг ушбу йўналишда эксплуатация қилиниши Миллий авиаташувчи йўловчиларига юқори даражадаги қулайликда Нью-Йоркка 1 соат олдин етиб бориш имконини беради. Дримлайнерда Нью-Йорк шаҳрига бажариладиган тўғридан-тўғри узлуксиз парвоз вақти cалкам 12 соатни, Тошкентга қайтиш эса, 11 соатни ташкил этади.

Узоқ кутилган ушбу муҳим воқеага Миллий авиакомпаниянинг барча ходимлари пухта тайёргарлик кўрди. МАК Учувчилар мажмуасининг Boeing 787 отряди учувчилари тренажер тайёргарликни Лондон ва Шанхайда, ер-усти машғулотларини эса, МАК Ўқув-машқ марказида ўтадилар. Тайёргарлик жараёнида авиакомпания ер-усти хизмати мутахассислари АҚШ ҳудудига кириш-чиқиш талаблари ва иммиграция қоидаларини ҳам ўрганиб чиқдилар.

Шуни эътироф этиш жоизки, авиакомпания ҳаво кемалари паркининг Дримлайнер самолётлари билан тўлдирилиши уни ноёб авиапаркка айлантирди. Жаҳон авиаташувлар бозоридаги талаб ва вазиятдан келиб чиқиб, авиакомпания ўз ҳаво флотидан унумли фойдаланиш билан бирга узоқ ва яқин йўналишларда ҳам бирдек самарали фаолият юритиши мумкин.

МАК Учувчилар мажмуаси Boeing 787 Учувчилар отряди учувчилари қисқа муддат ичида энг замонавий авиалайнерларни бошқаришни муваффақиятли ўзлаштирдилар. “Boeing” корпорацияси учувчиларимизнинг касбий маҳоратини ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси лайнерларининг ишончлилик даражасини юқори баҳолаб, махсус сертификат билан тақдирлади.

Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси Boeing 787 Dreamliner самолётларининг тижорий эксплуатациясини 2016 йил сентябрда бошлади, халқаро йўналишдаги илк парвоз 9 сентябрда Алмати (Қозоғистон) шаҳрига амалга оширилди. Бугунги кунда Дримлайнерларда Дубай, Деҳли, Амритсар, Истамбул, Тель-Авив, Сеул, Франкфурт, Москва, Куала-Лумпур, Сингапур, шунингдек, Рига орқали Нью-Йоркка парвозлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Авиакомпания йўловчилари “орзу кемаси”нинг қулайликларидан баҳраманд бўлиб, самолёт саҳнида кўрсатилаётган сервисни юқори баҳоламоқдалар.

Самолёт паркини узлуксиз янгилаш ва модернизация қилиб бориш - Миллий авиакомпаниянинг асосий мақсадларидандир. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси «Boeing» корпорацияси билан яна 4та Boeing 787 Dreamliner самолётларини сотиб олишга шартнома имзолагани юқоридаги фикримиз тасдиғидир. 2019 йилда “орзу кема”ларини олиб келиш истиқболдаги режалардан биридир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг