Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Маданият 29/11/2016 Тошкент мода ҳафталиги якунланди
Тошкент мода ҳафталиги якунланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент мода ҳафталиги якунланди Пойтахтимизда "Осиё рамзи" Ўзбекистон дизайнерлар ва модельерлар уюшмаси томонидан ташкил этилган Тошкент мода ҳафталиги якунланди.

Миллий либослар фестивали намойишига турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик меҳмонлар, журналистлар таклиф этилди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида хотин-қизлар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, уларнинг гўзал ва ораста бўлиши йўлида ғамхўрлик кўрсатиш борасида амалга оширилган ишлар бугунги кунда ҳам изчил давом эттирилмоқда.

"Осиё рамзи" дизайнерлар ва модельерлар уюшмаси бошқаруви раиси Холида Комилованинг таъкидлашича, мода ҳафталиги мустақиллик йилларида наинки миллий мода, балки ёш истеъдод эгаларига ғамхўрлик кўрсатиш санъатнинг барча турлари каби либослар дизайни, миллий ҳунармандлик, санъатшунослик каби йўналишларда ҳам яққол намоён бўлаётганини кўрсатди. Юртимизда ўтказилаётган миллий либослар фестиваллари, ҳар бир фаслларга оид кийим-кечаклар намойишига бағишланган ранг-баранг тадбирлар бунинг ёрқин исботидир.

Тошкент мода ҳафталиги бу йўналишдаги маданий тадбирлар орасида алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу лойиҳа юртимиз ва хорижлик дизайнерларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши, миллий ва жаҳон мода тенденцияларининг янги истиқболларини очишда ўзига хос мулоқот майдони вазифасини ўтади.

Ҳафталик доирасида ташкил этилган халқаро илмий-амалий анжуманда мода ва либосларга оид долзарб йўналишларнинг ривожланиш истиқболлари, илм-фан, ишлаб чиқариш ва таълим соҳалари интеграциялашувида мода саноатига оид технопаркнинг ўрни, инновацион маркетинг ва брэндни ривожлантириш каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Модалар намойишида Италия, Жанубий Корея, Хитой, Кувайт, Россия ва бошқа давлатлар етакчи дизайнерларининг ижод намуналари ҳам мода ихлосмандлари эътиборига ҳавола этилди. Ёш дизайнерлар ижодига бағишланган кўрик мамлакатимиз истеъдодларга бой экани, улар муттасил изланиш ва ижод билан банд эканидан дарак берса, ўтказилган маҳорат сабоқлари либослар дизайнига оид билимларни янада бойитишга хизмат қилди. Лойиҳа доирасидаги тақдимотлар, учрашувлар ҳафталикка янада ёрқинлик бағишлади. Ҳафталик доирасида хорижлик меҳмонлар қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрини зиёрат қилди, деб хабар беради ЎзА.

– Ўзбекистон ғоят ажойиб диёр эканига яна бир карра гувоҳ бўлдим, – дейди кувайтлик дизайнер Лона Алфарес. – Мода ҳафталиги тадбирлари, уларда тақдим этилган ўзбек либосларига оид видео, фото маълумотларни хорижлик ҳамкасбларимизга юбориб турдик. Барча бу тадбирлардан жуда катта таассурот олди. Ҳар бир либоснинг шакл-шамойили, тузилиши, ундаги гўзал безаклар ўзбек либосларининг ғоят кўркамлигидан дарак беради.

– Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ўқитувчи бўлиб ишлайман, – дейди Ин Ок Ким (Жанубий Корея). – Тошкент мода ҳафталигининг тадбирлари Ўзбекистонда изланувчан, истеъдодли ёшлар учун барча имкониятлар эшиги кенг очилганидан далолат беради. Ушбу лойиҳа жуда юксак савияда ташкил этилган бўлиб, унда либослар дизайни соҳасида фаолият кўрсатаётган профессионаллар билан бирга ижодкор ёшларнинг ишлари ҳам биргаликда намойиш этилаётгани диққатга сазовор.

– Биз ушбу ҳафталикда "Ранглар палитраси" номли коллекция билан қатнашдик, – дейди ёш дизайнер, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти талабаси Гўзал Маҳмудова. – Ушбу тўпламга ғоя танлашда, кийимларнинг андозаси, моделларини яратишда бир гуруҳ курсдошлар биргаликда иш олиб бордик. Ўтказилган маҳорат сабоқлари, устоз модельерлар, тенгқурларимиз ижодига оид намойишлар либос яратиш санъатига оид билимларимизни янада бойитди.

Ижод намуналари энг яхши деб топилган дизайнерларга дипломлар топширилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг