Тошкент метрополитенининг Қурувчилар ва Янгиобод ўртасидаги қисми вақтинча ёпилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент метрополитенининг Ер усти ҳалқа йўли йўналишидаги 14 та бекатдан иборат “Технопарк – Қипчоқ” бекатлари ва бекатлар оралиғи бир неча йилдан буён йўловчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда.
Жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, янги қурилган метро йўналишларида метро поездлар ҳаракати ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида, ер усти эстакадалари ва бекатлари маълум муддат фойдалангандан сўнг, режали профилактик ишларни амалга ошириш лозим.
Шу муносабат билан Ер усти ҳалқа йўли йўналишининг “Технопарк – Қипчоқ” бекатлари оралиғида босқичма-босқич 3 ой муддатга мўлжалланган режали профилактик ишлари амалга оширилмоқда.
Режали профилактик ишларни кейинги навбатини амалга ошириш учун 2025 йил 28 июнь санасида бошлаб, “Қурувчилар (12-бекат) - Янгиобод (6-бекат)” бекатлари оралиғида метро поездлар ҳаракати тўхтатилади.
Тошкент метрополитени йўловчиларга ноқулайлик ҳосил қилмаслик мақсадида, «Қипчоқ–Янгиобод–Қипчоқ» метро бекатлари оралиғида бепул хизмат кўрсатувчи катта сиғимли автобуслар (метробус) ҳаракати йўлга қўйилади. Ушбу автобусларнинг кунлик иш вақти тонги 05:00 дан тунги 23:00 га қадар амалга оширилади.