Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Иқтисод 27/01/2017 Тошкент жанубий темир йўл вокзали қайта таъмирланади
Тошкент жанубий темир йўл вокзали қайта таъмирланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилиши кутилаётган мазкур иншоот юртимиздаги мавжуд вокзалардан кўриниши жиҳатидан тубдан фарқ қилади. Мамлакатимизда темир йўл транспортидан фойдаланувчи йўловчилар сони йил сайин ортиб бормоқда. Юртдошларимиз узоғини яқин қилиш, уларга намунали хизмат кўрсатиш темирйўлчиларнинг энг асосий вазифаларимиздан бири. Шу боис “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан бу борада кўпгина самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугунги кунгача юртимизда 17 та янги темир йўл вокзали барпо этилди ва 8 та вокзал эса қайта реконструкция қилинди. Тармоқда жорий йилда ҳам бир қанча бунёдкорлик ишлари режалаштирилган. Шулардан бири пойтахтимизда жойлашган “Тошкент–Жанубий” темир йўл вокзалини тубдан таъмирлаш. Бу ҳақда компания ахборот хизмати хабар беради.

“Боштранслойиҳа” АЖ томонидан лойиҳалаштирилган мазкур иншоот "хайтек" ("ҳи-теч") усулда барпо этилади. Бинонинг ташқи кўриниши оқ рангда бўлиб, нақшлар керамика ва сунъий тошлар билан безатилади. Вокзал бир қаватли бўлиб, тошкент шаҳар иқлимини инобатга олган ҳолда иситиш ва совутиш тизимларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу ерда йўловчиларга кўплаб қулайликлар яратилади. Шунингдек, 8,7 Х 6 метр бўлган жаҳон андозаларига мос юқори сервис хизмати кўрсатишга мўлжалланган ВИП зал режалаштирилган.

Яна бир қулайлик, иншоотнинг ҳар икки томонида авто тураргоҳлар барпо этилади. Темир йўл кассалари бино ташқарисидан жой олган бўлиб, замонавий тарзда қурилади. Бинонинг олд томони ободонлаштирилиб, марказда 20 метр диаметрдаги фаввора бунёд этилади. Бино бир суткада ўн минг кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга тарзда бунёд этилади. Шу кунгача бу ердан фақат шаҳарлараро йўналишларда қатновлар амалга оширилган бўлса, эндиликда бир қатор маҳаллий йўналишлар “Тошкент–Жанубий” вокзалидан амалга оширилади. Бир сўз билан айтганда ушбу бунёдкорлик ишлари ҳалқ манфаатлари йўлида хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг