Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 22/12/2023 Тошкент ИЭМ: инвестиция лойиҳаси билан танишиш
Тошкент ИЭМ: инвестиция лойиҳаси билан танишиш

«Иссиқлик электр станциялари» АЖ томонидан пойтахт истеъмолчиларини барқарор иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Тошкент ИЭМда ҳар бирининг қуввати 32 МВт бўлган иккита газ турбина қурилмаси бунёд этилмоқда. Бугун, лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.

Лойиҳа 2024 йилнинг биринчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар қурилиш-монтаж ишлари 97 фоизга бажарилган. Ушбу лойиҳа Туркиянинг «Çalik Enerji» компанияси бош пудратчилиги асосида амалга оширилмоқда.

Айни кунда, ишларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида қурилиш майдончасида 600 нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижий мутахассислар ҳамда 50 га яқин техникалар ишламоқда. 

Эътиборлиси, бу ерда Япониянинг «Mitsubishi» компаниясида ишлаб чиқарилган иккита газ турбинаси ва Туркиядан иккита қозон қурилмалари олиб келиб ўрнатилган. Энг замонавий ва энерготежамкор қурилмалар қўлланилиши натижасида кам ёқилғи сарфлаб кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилади. 

Лойиҳа амалга оширилиши натижасида, марказ томонидан йилига қўшимча 515,6 миллион кВт соат электр ва 690,3 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади, бунда юқори тежамкор замонавий технологиялар эвазига йилига 219 минг куб метр табиий газ иқтисод қилинади.

Атроф-муҳитга чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар 200,5 тоннага камайишига эришилади. Ушбу газ турбинаси қурилмалари ишга туширилиши натижасида, электр маркази томонидан 40 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли «2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилмоқда. 

Шунингдек, корхона томонидан Президентимизнинг 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сонли «Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

Жумладан, корхонада бино ва иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш мақсадида умумий сиғими 3400 литр бўлган жами 17 дона қуёш сув иситиш қурилмалари, қуввати 505,6 кВтга тенг бўлган

қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилган бўлиб, улар самарали ишлаб келмоқда. Ички ва ташқи ҳудудларни автоном ёритиш тизимига ўтказиш мақсадида 160 дона қуёш панелли ёритиш чироқлари, 70 дона сенсорли ҳаракат датчиклари ҳамда электродвигателларни оптимал юкламаларда ишлашини таъминлаш ҳисобига ортиқча электр энергияси сарфини олдини олиш учун 2 дона частота ўзгартиргич қурилмалари ўрнатилди. Маълумот учун, ўрнатилган қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларида ишлаб чиқарилган «яшил энергия» марказнинг ўз эҳтиёжларига йўналтирилмоқда.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг