Валюта курслари 26/12/2024
$1 – 12928.27
UZS – 0.14%
€1 – 13462.21
UZS – 0.35%
₽1 – 129.66
UZS – 0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 05/09/2016 Тошкент автомобиль-йўллар институти қайта ташкил этилади
Тошкент автомобиль-йўллар институти қайта ташкил этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2016-йилнинг 26-август куни Тошкент автомобиль-йўллар институтини Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институти этиб қайта ташкил қилиш тўғрисидаги қарорга имзо чекди.

Ҳужжатга биноан, мазкур қарор автомобиль йўллари қурилиши соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва шунинг асосида Ўзбекистон миллий автомагистралини, умумреспублика ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларини истиқболда ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш талаблари ҳамда вазифаларини ҳисобга олган ҳолда республиканинг лойиҳа, қурилиш ва йўлдан фойдаланиш ташкилотларининг юқори малакали муҳандис кадрларга нисбатан ортиб бораётган талаб-эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Қуйидагилар Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институтининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

автомобиль йўллари, кўприклар, тоннеллар, йўл ўтказгичлар ва йўл усти транспорт тизимларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида халқаро стандартларга мувофиқ сифатли бакалавр ва магистрлар тайёрлашни таъминлаш;

автомобиль йўллари ҳамда бошқа муҳандислик йўл иншоотларини лойиҳалаштириш ва қуриш, қурилишда янги материаллар ва технологияларни татбиқ этиш, конструкциялар мустаҳкамлигини ва энергия самарадорлигини ошириш, материаллар ҳажмини камайтириш билан боғлиқ бўлган, шунингдек, ер усти транспорт тизимлари логистикаси, уларни ташкил этиш ҳамда улардан фойдаланиш борасидаги йўналишлар бўйича илғор жаҳон тажрибаси ва технологияларини чуқур ўрганиш;

маҳаллий материаллардан кенг фойдаланиш, йўл қурилиши ҳамда йўл-қурилиш техникаси ва транспорт тизимларидан фойдаланишнинг замонавий технологияларини жорий этишни ҳисобга олган ҳолда, автомобиль йўллари, тоннеллар, кўприклар ва йўл ўтказгичлар пухта ишлашини таъминлашга йўналтирилган амалий илмий тадқиқотлар ва ишланмалар олиб боришга, тематик ишларни бажаришга талабалар ва профессор-ўқитувчиларни кенг жалб қилиш;

қўшма таълим дастурлари, илмий лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий таълим дастурларини татбиқ этиш ва илмий-таълим жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш мақсадида чет эллардаги етакчи турдош (ихтисослашган) олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш.

Қарорга биноан, 2016-йил 30-августга қадар муддатда Тошкент автомобиль-йўллар институтининг тугатилаётган ва қайта ташкил этилаётган таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликлар бўйича бакалавриат ва магистратура талабаларининг республика турдош (ихтисослашган) олий ўқув юртларининг тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликларига ўтказилишини таъминланади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг