Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Тошкент, 2019 йил 10 апрел. Кенг жамоатчиликнинг сувни тежаш технологиялари ҳақидаги хабардорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган «ТОМЧИ» мобил иловаси иккинчи танловининг ғолиблари аниқланди.
«ТОМЧИ» мобил иловаси танловининг расмий тақдимоти ўтган йилнинг ноябр ойи охирида Швейцариянинг тараққиёт ва ҳамкорлик бўйича Агентлиги томонидан беғараз молиялаштирилган ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги амалга ошираётган Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси томонидан ўтказилган эди. Лойиҳа, шунингдек, мобил илованинг ишлаб чиқарувчиси ҳам хисобланади
«ТОМЧИ» мобил иловаси фойдаланувчиларга сувни тежашнинг ҳам анъанавий, ҳам иннавацион технологиялари ҳақидаги маълумотларни тақдим этади. Ундан томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб суғориш қурилмалари, пленка ёки гидрогел қўллаб суғориш ва суғоришнинг бошқа усуллар ҳақида маълумотлар олиш мумкин. Иловада бу технологияларнинг маҳаллий бозорлардаги нархи, ишлаб чиқарувчилари ҳақидаги (дарвоқе, бу жуда муҳум хисобланади), шунингдек шу каби жуда кўп фойдали маълумотлар бор.
Жорий йил 7 феврал куни танловнинг биринчи босқичи ғолиблари тақдирланган, айни вақтда мазкур тадбирда танловнинг иккинчи босқичини ўтказиш ҳақидаги хабар ҳам эълон қилинган эди. Фермерлар, деҳқон хўжалиги вакиллари, томорқа ер эгалари, шунингдек давлат сув хўжалиги ташкилотлар ва Сувдан фойдаланувчилар уюшмаси вакилларига мўлжалланган «ТОМЧИ»-1 танловидан фарқли ўлароқ, «ТОМЧИ»-2 да Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти, унинг Бухоро вилоятидаги филиали, Аграр университет ва унинг вилоятлардаги филиаллари, бошқа олий ўқув юртлари талабалари, магистрантлари, аспирантлари ва ўқитувчилари, тармоқ илмий тадқиқот институтлари илмий ходимлари, мамлакатдаги барча сув хўжалиги ва аграр йўналишдаги колледжлар ўқувчилари ва ўқитувчилари иштирок этдилар.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти мажлислар залида бўлиб ўтган ғолибларни аниқлашга бағишланган тантанали маросимда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек иниститутнинг талабалари, профессор ўқитувчилари иштирок этдилар.
Танлов ғолиблари барча рўйхатга олинган иштирокчиларнинг номи юкланган - компьютер дастуридаги таъсодиф рақамлар генератори ёрдамида аниқланди. Ғолибларни мазкур усулда аниқланиши, табиийки, жараённинг шаффофлигини таъминлаб берди.
Талабалар ўртасида смартфонлар, планшетлар ва ноутбук ўйналди, Профессор-ўқитувчи ва илмий тадқиқот муассасалари вакили эса Прага шаҳрига – Чехия Республикасидаги университетлардан бирида ҳамкасблари билан танишиш учун йўлланма ютиб олди. Бахтли ютиқ эгаси Қорақалпоғистон Республикасиlfy Акназаров Омырбай бўлди. У жумладан, шундай деди: «Танловида иштирок этиш талабалар учун ҳам, ўқитувчилар учун ҳам фавқулотда қизиқарли ва фойдали бўлди. Биринчидан бу жараён ўзида сувни тежаш технологиялари ҳақидаги бой маълумотларни жамлаган илова билан танишиш имконини берди. Иккинчидан, танловни ўқув тадбири сифатида баҳолаш мумкин, чунки унга тайёргарлик жараёнида мақолалар ўқилди, тест саволларига тўғри жавоб топиш учун изланишлар олиб борилди. Бу жуда қувончли ва мароқли бўлди».