Валюта курслари 26/12/2024
$1 – 12928.27
UZS – 0.14%
€1 – 13462.21
UZS – 0.35%
₽1 – 129.66
UZS – 0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 25/12/2024 Тўлов интизоми таъминланади

Тўлов интизоми таъминланади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида янги тўлов механизмларини жорий этишга қаратилган қонун лойиҳаси бўлди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқшунос ва экспертлар иштирокида ўтказилган ишчи гуруҳ йиғилишларида ушбу қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, унга киритилаётган ҳар бир норма депутатлар томонидан чуқур таҳлил қилинди. Қонун лойиҳаси “инсон манфаати ҳамма нарсадан устун” тамойили асосида такомиллаштирилди.

Мазкур қонун лойиҳасида истеъмолчига чиқинди хизматлари учун тўловлардан қарздорлиги юзасидан қисқа хабар (СМС) орқали хабардор қилингандан кейин беш кунлик муддат берилиши белгиланмоқда. Шундан сўнггина, қарздорлик бартараф этилмаганда электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинчалик чеклашга қаратилган ҳуқуқий нормалар татбиқ этилади.

Шу билан бирга, лойиҳада истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этиш кафолатлари тўла мустаҳкамланиб, маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишга ихтисослашган ташкилотлар тўловларнинг ҳаққоний ва тўғри ҳисобланиши учун жавобгар бўлиши, мазкур талаблар бузилган ҳолларда истеъмолчига еткзилган зарар қопланиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилардан электр энергияси учун тўловларни қабул қилишни вақтинчалик чеклашни ушбу қарздорлик бартараф этилган тақдирда автоматик равишда бекор қилиши ўз ифодасини топмоқда.

Мунозараларда бир қатор саволлар ўртага ташланди. Хусусан, депутат Азамат Пардаев қонун лойиҳаси юзасидан ўз муносабатини билдириб, унда назарда тутилаётган беш кунлик муддат қайси мезонлар асосида белгиланаётгани билан қизиқди.

Қонун ташаббускорлари бу бўйича атрофлича жавоб қайтариб, ушбу ҳужжат чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тўлов механизмларини такомиллаштиришга, чиқинди хизматларини кўрсатиш сифатини оширишга, экология ва атроф-муҳитни сақлашга хизмат қилишини қайд этдилар.

Мажлисда қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг