Унда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан қабул қилинган 2013-2020-йилларда замонавий ва илғор тажрибаларга асосланган “Электрон ҳукумат” тизимини яратиш дастурининг амалга оширилиши ҳақида сўз юритилади.
Мақолада бугунги кунга келиб, соҳада маълум ижобий муваффақиятларга эришилгани, жумладан, 290 дан зиёд хизматларни ўзида мужассам этган Ягона интерактив давлат хизматлари портали фаолият юритаётгани айтилади. 2016 йилнинг бошидан буён мурожаатлар сони 2 баравар ошиб, 800 мингдан зиёдни ташкил қилаётгани, электрон портал жорий этилишидан илгари ушбу хизматларни кўрсатиш учун давлат томонидан катта маблағ сарфлаб келингани таъкидланган.
Нашрда мамлакат фуқаролари ҳамда бизнес соҳаси вакилларининг давлат даражасида қабул қилинадиган қарорларда иштирок этишларининг яна бир самарали усули, бу — қонунчилик ҳужжатларига таъсирини баҳолашнинг электрон тизими бўлгани ҳақида ёзилади. Жумладан, 800 дан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур тизим орқали эълон қилинган бўлиб, барча учун очиқ бўлган ушбу тизимга 1400 дан кўпроқ шарҳ ва таклифлар келган ҳамда уларнинг ярми меъёрий ҳужжатларни тасдиқлашда инобатга олинган.
“Очилганидан бери 630 минг мартадан кўпроқ фойдаланилган янги миллий Очиқ маълумотлар порталининг амалиётга жорий этилиши эндигина бизнес фаолиятини бошлаган компанияларнинг ривожланишида муҳим ўрин тутади, — дея таъкидланади мақолада. — Портал 109 та идора ва ташкилот томонидан тақдим этилган 1750 та маълумотномалар тўпламидан иборат”.
Шунингдек, унда солиқ ҳамда статистика ҳисоботларини топшириш, божхона декларацияларини тўлдириш, тадбиркорлик субъектлари ва фирмаларни рўйхатга олиш масалалари талаб энг кўп бўлган онлайн хизматлар экани, янги “Электрон виза” тизими йўлга қўйилгани қайд этилади. Шу билан бирга, давлат харидлари бўйича электрон савдоларнинг ягона механизми, тадбиркорлардан хўжалик судларига даъво аризалари ҳамда илтимосномалар киритишнинг электрон тизими самарали фаолият юритаётгани, давлат хизматларидан фойдаланишга ариза беришда маълумотларни тўплаш учун “ягона дарча” марказлари ташкил этилган. Шу йўл билан мамлакат фуқаролари ва тадбиркорлик субъектлари монитор ҳамда смартфонлар орқали талаб энг кўп ва оммабоп бўлган давлат хизматларидан фойдаланишга рухсат олишди.
“Бугун аҳоли нуфуси қарийб 32 миллион нафарни, шундан 60 фоизи ёшларни ташкил этадиган Ўзбекистонда мобиль алоқадан 21 миллион нафар, интернетдан эса 13 миллион нафардан зиёд одам фойдаланади, — дейилади мақолада. — Мамлакатда амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон БМТнинг Электрон ҳукуматни -ривожлантириш даражаси бўйича рейтингида ушбу соҳа энг яхши ривожланган дунё мамлакатлари қаторига кириб, 80-ўринни, шунингдек, ҳукуматнинг ўз фуқаролари ҳамда бизнес билан мулоқоти самарадорлигини баҳоловчи Электрон иштирок этиш индекси бўйича 47-ўринни эгаллади. Мазкур кўрсаткич бўйича Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида учинчи, Марказий Осиё давлатлари ичида эса биринчи поғонадан жой олган”.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистонда электрон ҳукуматнинг жорий этилиши ва ривожланиши миллий муҳим масала даражасига кўтарилди, бу бўйича ҳукуматнинг 40 дан зиёд қарорлари қабул қилинди, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонунда белгиланган меъёрий-ҳуқуқий асослар яратилди.
Мақоланинг хулоса қисмида электрон ҳукумат мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва давлатнинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилиши ҳамда келажакда Ўзбекистоннинг жадал тараққиётини таъминлайдиган куч ҳисобланиши алоҳида таъкидланади.