«Temiryoʻlkargo» делегацияси Hyundai Rotem'га ташриф буюрди: етказиб бериш ва логистика тафсилотлари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Temiryoʻlkargo» АЖ делегацияси ҳамда «Temiryoʻlekspress» АЖ вакили О. Қулаҳмедов Жанубий Кореянинг машҳур «Hyundai Rotem» компаниясига хизмат сафарини амалга оширди.
Учрашув давомида Ўзбекистонлик делегация компания заводининг ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита танишди. Делегатлар поездлар ишлаб чиқариш босқичлари, технологик жараёнлар ва ускуналар билан яқиндан танишишди. Ташриф давомида «Hyundai Rotem» компаниясининг етакчи муҳандислари ва техник мутахассислари ҳамроҳлик қилди.
Шунингдек, заводдан Хитойнинг Тянтсзин портигача бўлган йўналишда поездларни етказиб бериш бўйича логистика масалалари юзасидан икки томонлама музокаралар ўтказилди. Музокараларда логистика ва юк ташиш соҳасида фаолият юритувчи етук мутахассислар иштирок этди.
Учрашув натижалари икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва келгусидаги транспорт-логистика лойиҳаларини самарали амалга ошириш учун муҳим замин бўлиб хизмат қилади.