Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 26/04/2023 Темирйўл соҳасини ривожлантиришда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) дан фойдаланиш бўйича халқаро тажриба ўрганилди
Темирйўл соҳасини ривожлантиришда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) дан фойдаланиш бўйича халқаро тажриба ўрганилди

Макроиқтисодиёт ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари темирйўл соҳасини ривожлантиришда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) дан фойдаланиш бўйича халқаро тажрибани ўрганди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда транспорт соҳасида кенг кўламли таркибий ва институционал ислоҳотлар амалга оширилди.

Темирйўл соҳасини янада ривожлантириш учун қўшимча инвестициялар керак. Уларни ДХШ орқали жалб қилиш мумкин.

ДХШ механизмларини татбиқ этишда ҳар бир мамлакатнинг ёндашуви билан боғлиқ бир қанча муҳим омиллар мавжуд. Қурилиш учун ердан фойдаланиш ҳуқуқининг берилиши кўпинча давлат секторининг ДХШдаги ҳиссаси бўлади.

Хитой Сянганидаги Rail Plus Property дастури доирасида ҳукумат темир йўлларни қуриш ва фойдаланиш учун хусусий компанияларга ер ажратди.

Шу билан бир қаторда, темирйўл бўйлаб ерларни ўзлаштириш ҳуқуқи ҳам берилди.

Японияда шаҳарга туташ ҳудудларда темирйўл орқали қатновлар ер участкалари ва қурилиш ишларини олиб бориш ҳуқуқининг берилиши ҳисобидан молиялаштирилади - Япониядаги хусусий темирйўл компаниялари бир вақтда қурилиш компаниялари ҳам ҳисобланади.

Япониядаги айрим хусусий темирйўл компаниялари офис бинолари, хонадонлар ва спорт стадионларига эга бўлиб, мижозларни ушбу объектларга ташийди.

Россияда хусусий операторлар ҳаракатдаги таркибларга эга ёки уларни ижарага олади ва мижозларга хизмат кўрсатади. Россиядаги хусусий операторлар бозорнинг ушбу имкониятларидан фойдаланган ҳолда темирйўл транспорти ускуналарига 20 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритди.

Франция Европада тезюрар темирйўл тизимига киритилаётган инвестицияларни молиялаштириш учун ДХШ моделидан фойдаланган биринчи мамлакатдир. ДХШдан фойдаланиш Францияда тезюрар темирйўл тармоғининг ривожланишини анъанавий давлат молиялаштиришига қараганда сезиларли даражада тезлаштириш имконини берди.

Шундай қилиб, ДХШ Ўзбекистон учун инвестицияларни жалб қилиш, темир йўллар ва вокзаллардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда замонавий ва экологик технологияларни жорий этиш имкониятини тақдим этиши мумкин.

Темирйўл транспорти соҳасида ДХШ моделини темирйўл инфратузилмасини яхшилаш, янги йўналишларни қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш, юк ва йўловчи вагонлари паркини янгилаш учун шарт-шароит яратиш ва рағбатлантиришда қўллаш мақсадга мувофиқ.

Вокзалларнинг операцион фаолиятини хусусий компанияларнинг ишончли бошқарувига топширган маъқул.

Улар участкалардаги маълум бир қўшимча хизматлардан келиб чиқиб, вокзал ва унга туташ бутун мажмуани ривожлантиради.

Қўшимча хизматларнинг аниқ рўйхати хусусий капитални жалб қилиш орқали маълум бир вокзал бўйича бозор талаби асосида шакллантирилиши керак. Шу билан бирга, давлат тартибга солиш функциясини сақлаб қолади ва йўловчиларнинг хавфсиз ва қулай ҳаракатланишини таъминлайди

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг