Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 13/05/2024 Таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади
Таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади

Адлия вазирлиги томонидан қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш мақсадида бугун Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Қонунчиликдаги янгиликлар”га бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилот мутахассислари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Тадбирда ҳафта давомида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, қонунчиликдаги янгиликлар, аҳолига яратиб берилаётган имкониятлар хусусида маълумот берилди.

Шунингдек, анжуманда соҳа мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги “Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ҳақида кенг жамоатчиликка батафсил ёритиб берилди.

Хусусан, Фармонга мувофиқ 2025 йил 1 январдан:

интернет тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади;

лотерея, интернет тармоғида ўйинлар ва букмекерликни ташкил этиш фаолиятлари қонунчиликка мувофиқ Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ваколатли орган) томонидан бериладиган лицензиялар асосида амалга оширади.

Лицензиялар асосида ташкиллаштирилган лотерея, интернет тармоғидаги ўйинлар ва букмекерлик гаровларида фақат 18 ёшга тўлган О'збекистон резиденти ва норезидентлари қатнашиши мумкин.

2025 йил 1 январдан 5 йил муддатга лотерея ҳамда интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини солиққа тортишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби белгиланади:

лотерея, интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ёки букмекерлик фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар лотерея, интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятидан ёки букмекерлик фаолиятидан олинган жами даромадидан тўланган ютуқлар ва қайтарилган ставкалар чегирилган ҳолда 4 фоиз ставкасида айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари ҳисобланади; 

жисмоний шахсларнинг Агентлик томонидан берилган лицензиялар асосида ўтказиладиган лотереялар ҳамда интернет тармоғидаги ўйинлардан ва букмекерлик гаровидан олинган ютуқлар сифатидаги даромадлари даромад солиғи тўлашдан озод этилади.

Лотерея ва интернет тармоғида ўйинлар, букмекерлик фаолияти ташкилотчиларининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этишини мониторинг ва назорат қилиш функциялари Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан амалга оширилади.

Журналистларни қизиқтирган саволларга тегишли ташкилот масъуллари жавоб берди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг