Tashkent City халқаро бизнес марказида Ўзсаноатқурилишбанк Бош офисини барпо этиш учун BREEAM сертификатлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 2 августдаги «Республика ҳудудларида «Business city» замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, туман ва шаҳар марказларининг меъморий қиёфасини янада яхшилаш ва ободонлаштириш, уларнинг хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, асосий туристик йўналишларда замонавий объектлар қуриш, шунингдек, республика аҳолиси ва меҳмонлари учун кўрсатиладиган хизматлар рўйхатини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш мақсадида Tashkent City халқаро бизнес маркази барпо этилмоқда.
Ўзсаноатқурилишбанк мамлакатимизнинг замонавий тарихидаги ушбу ноёб лойиҳада иштирок этишдан четда қолмади.
Ҳозирги вақтда Банк томонидан пойтахтимизда бунёд этилаётган йирик бизнес марказ ҳудудида муассаса бош офисини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа режасига кўра, баландлиги 161 метр ва майдони 81 076 метрга тенг 33 қаватли бино барпо этилмоқда.
Банкнинг ўз фаолиятига «Green banking» тамойилларини жорий этиш мақсадида ана шу мазмундаги стратегия доирасида янги бинони BREEAM (Building Research Establishment Environmental Assessment Method) сертификатлаштиришдан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш ўринлики, BREEAM сертификатлаштириш – бу Буюк Британиянинг BRE Global ташкилоти томонидан биноларнинг экологик самарадорлигини баҳолаш учун ишлаб чиқилган яшил биноларни баҳолашга оид ихтиёрий рейтинг ҳисобланади.
Бинолар барпо этишнинг мазкур баҳолаш усули қурилиш жараёнларидаги барча жиҳатлар, жумладан режалаштириш, лойиҳалаштириш, қурилишни амалга ошириш ва фойдаланишга топшириш босқичларини қамраб олиши билан аҳамиятлидир.
BREEAM сертификатлашнинг асосий афзаллиги электр энергия, сув каби табиий ресурслар ҳамда экологик материалларни самарали тақсимлашдан иборат бўлиб, у бино ходимлари учун экологик барқарор ва хавфсиз атроф-муҳит ҳамда офис маконини шакллантиради.
BREEAM баҳолаш усули билан сертификатланган бинолар ижарачилар учун бозорда нисбатан жозибадор кўринади. Бу эса, қурилишнинг барча босқичлари яшил стандартларга қатъий мувофиқликда амалга оширилганлигига кафолат беради.
Банк томонидан мазкур лойиҳани молиялаштириш учун жорий йилнинг июнь ойида таркибида Credit Suisse (Швейцария), Citibank (Буюк Британия), Хитой Эксимбанки ва Raiffeisenbank (Австрия) каби етакчи хорижий банклар бўлган консорциуми билан кредит битими имзоланди.
Битим Credit Suisse кўмагида амалга оширилиб, у тузилмавий банк, ташкилотчи ва агент сифатида иштирок этди. Citibank, Raiffeisenbank ва Хитой Эксимбанки битимнинг ташкилотчилари сифатида қатнашди.
Хитойнинг Sinosure экспорт-кредит суғурта корпорацияси томонидан суғурталаш Банкка жозибадор шартларда молиялаштиришни жалб қилиш имконини берди.