Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Иқтисод 17/05/2022 Ташаббусли бюджет: ижтимоий муаммоларини жойларда ҳал этишдаги янгича ёндашув
Ташаббусли бюджет: ижтимоий муаммоларини жойларда ҳал этишдаги янгича ёндашув

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида аҳолини бюджет маблағларини тақсимлаш жараёнига жалб этиш ҳамда аҳоли ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасида конструктив мулоқот ўрнатиш ва очиқ майдончаларни ташкил этиш орқали уларнинг фуқаролик жамияти ҳаётидаги иштирокини фаоллаштиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. 

Ташаббусли бюджетлаштириш бевосита давлат молия тизими билан боғланган ва шу билан бир қаторда ҳудудий давлат молия сиёсатининг объектига айланган.

Бу фуқаролар манфаати ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмлари асосида бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш воситасидир. 

Аҳоли Open budget.uz платформаси орқали маҳалласи, аҳоли пункти ва туманидаги у ёки бу ижтимоий муаммони ҳал этиш бўйича ўз таклифларини фаол билдирмоқда. Масалан, бу инфратузилмаларни яхшилаш, ичимлик суви билан таъминлаш, кўчаларга ёритиш қурилмаларини ўрнатиш ва таъмирлаш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш, болалар майдончалари ва спорт майдончалари, истироҳат боғларини қуриш, экологик вазиятни яхшилаш ва ҳоказолар бўйича таклифлар бўлиши мумкин.

Қуйида ташаббусли бюджетлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистонда фуқароларни лойиҳаларни таклиф этиш, танлаш ва амалга ошириш жараёнига жалб қилиш бўйича кейинги қадамларнинг ўзига хос хусусиятлари очиб берилган. 

Ташаббусли бюджетлаштириш тушунчаси ва унинг моҳияти. Ташаббусли бюджетлаштириш (кўпинча ижтимоий бюджет) бу бюджет харажатлари сметасини шакллантириш, уларни муҳим ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтириш имконини берувчи молиявий воситадир. У ўзида ҳудуд, туман, шаҳар, маҳалла аҳолисининг асосий эҳтиёжлари ва ҳоҳиш иродасини акс эттиради.

Бунда маҳалла аҳолисининг бюджет маблағлари маълум бир қисмининг сарфланиши бўйича ташаббусларни илгари суриш орқали маҳаллий ўз-ўзини бошқариш жараёнида бевосита иштирок этиши кўзда тутилади. 

Маҳаллий бюджет ташаббуслари учун овоз бериш доирасида ижтимоий масалаларни ҳал этишнинг мазкур механизми (ижтимоий жиҳатдан аҳамиятга молик лойиҳаларни илгари суриш, кейинчалик лойиҳаларнинг амалга оширилишини назорат қилиб бориш) фуқароларга бюджет маблағларини тақсимлаш жараёнида иштирок этиш ва устувор йўналишларни аниқлаш ва маблағларни ижтимоий жиҳатдан муҳим муаммоларни ҳал этишга йўналтириш имконини беради. 

Дунё тажрибаси. Сўнгги ўн йилликларда жаҳон амалиётида ҳам ташаббусли бюджетлаштиришга қизиқиш сезиларли даражада ошди. Жаҳон амалиётида қўлланилаётган ташаббусли бюджетлаштиришнинг асосий турларига қуйидагилар киради:

1)партисипатор (иштирокчи) бюджетлаштириш (participatory budgeting),

ёки “Порту-Алегри модели” (Бразилия, ташаббусли бюджетлаштириш тарихидаги биринчи йирик тажриба, 1989 йил).

2)Ижтимоий инвестиция фондлари (Social investment Fund, SIF), уларда молиявий лойиҳалар танлов асосида тақсимланади.

3)Маҳаллий жамоаларнинг кучи ёрдамида амалга ошириладиган тараққиёт лойиҳалари (Community Driven Development, CDD) объектив мезонлар бўйича донорлар (ЖБ, БМТ агентликлари)

томонидан тақсимланади; ҳамжамият (Community Led Local Development, CLLD) бошқаруви остидаги маҳаллий тараққиёт лойиҳалари

– Европа Иттифоқи агентликлари.

4)Аралаш амалиётлар (мисол: Қишлоқ тараққиёти лойиҳаси, Қирғизистон. ЖБ). 

Ташаббусли бюджет лойиҳалари бутун дунё бўйича кенг тарқалган. Бразилия (Порту-Алегри)да амалга оширилган лойиҳа дастлабки лойиҳалардан бири бўлди. Шундан сўнг бу амалиёт Лотин Америкаси, Осиё, Африка, Шимолий Америкада (1-расм) қўлланила бошланди. 2005 йилга келиб, у дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатига тарқалди. 

Европада партисипатор бюджетлаштириш 2001 йилда Италия, Испания ва Франциядаги маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари томонидан татбиқ этилди. Европада Лиссабон (2008 йил) шаҳар миқёсида электрон овоз бериш асосида партисипатор бюджетлаштириш механизми татбиқ этилган биринчи пойтахт бўлди. 2019 йилда эса барқарор тараққиётни молиялаштириштириш учун “яшил” партисипатор бюджетлаштириш татбиқ қилинди. 

АҚШда ташаббусли бюджетлаштиришнинг бюджет очиқлиги сиёсатига тўлиқ интеграциялашуви 2013-2015 йилларда рўй берди. (Тажриба 2009 йилда Чикагода, 2011 йилда

эса Нью-Йоркда бошланди).

Ташаббусли бюджетлаштириш соҳасида Хитой, қолаверса дунёдаги энг катта тажриба Чэнду шаҳрида амалга оширилди. Бунда инфратузилмалар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, бизнес ва маданиятни ривожлантириш бўйича 50 мингта лойиҳа қабул қилинди. 

Малавидаги сифатли асосий билимлар учун Фуқаролик жамияти коалицияси ташаббусли бюджетлаштириш доирасида лойиҳалар мониторинги бўйича жамоатчилик саъй-ҳаракатларига яхши мисол бўла олади. У мактаб бюджетини мониторинг қилиш натижаларига оид маълумотларни тўплайди, давлат мактабларида ёмон хизмат кўрсатилаётган активларни аниқлайди, бюджет маблағларининг тақдим этилиши ва улардан фойдаланиш муддатларини шарҳлайди.

Филиппинда аҳоли йўл инфратузилмаларини қуриш бўйича ижтимоий лойиҳаларни бошқаришда иштирок эта бошлади ва ҳисоботлардаги номувофиқликларни аниқлади ҳамда шу тариқа лойиҳа учун ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини таъминлади. 

Халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда ташаббусли бюджетлаштириш ҳукумат фаолиятининг муҳим йўналиши эканлиги ва давлатнинг марказий ҳамда ҳудудий даражадаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари таркибига киритилганини қайд этиш мумкин. 

Ўзбекистонда ташаббусли бюджетлаштиришни татбиқ этишнинг қонуний асослари.

Ўзбекистонда ташаббусли бюджетлаштириш воситалари 2019 йилдан

татбиқ этилмоқда. Бюджет маблағларини тақсимлашда фуқароларнинг иштирок этиш механизми туман (шаҳар) бюджетларидаги қўшимча даромаднинг бир қисмини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтиришни кўзда тутади. 2021 йилда фуқароларнинг ташаббуслари учун ажратиладиган ушбу маблағ манбалари сезиларли даражада кенгайтирилди ва қўшимча даромадларнинг 10 фоизидан 30 фоизига етказилди. 2022 йилдан бошлаб барча туманлар (шаҳарлар)да ушбу мақсадлар учун тасдиқланган маҳаллий бюджетлар харажатининг 5 фоизи йўналтирилмоқда. 

Молиялаштириш ҳажмининг кенгайиши ҳисобга олинган ҳолда, фуқаролик ташаббуслари лойиҳалари бўйича таклифларни илгари суриш, танлаш, умумий овоз бериш механизми ва босқичлари ҳам қайта кўриб чиқилди.

2022 йилнинг 1 январидан “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали “Менинг йўлим” лойиҳаси доирасида жамоатчилик фикридан келиб чиққан ҳолда маҳаллий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизини туман ва шаҳар бюджетларининг параметрларида ички йўлларни таъмирлаш учун йўналтириш тартибини белгиланди.

Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳар чоракда, чоракдан кейинги ойнинг 25-санасигача бўлган муддатда ўз веб-сайтлари ва “Очиқ бюджет” ахборот порталига жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш тўғрисидаги маълумотларни жойлаштиради. Бундан ташқари, ҳокимлар ҳар чорак якунида Олий Мажлис Сенатида лойиҳаларнинг амалга оширилиши юзасидан ҳисобот беради. Улар ҳар ойнинг охирида, кейинги ойнинг 10-кунига қадар жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган лойиҳаларни молиялаштириш ва амалга ошириш тўғрисидаги ҳисоботларини оммавий ахборот воситалари иштирокида эълон қилишлари шарт.

Ҳар бир маҳалла ва овулда ташкил этиладиган ихчам гуруҳлар ҳамда “Ташаббускорлар бурчаги” “Очиқ бюджет” ахборот порталида таклифлар киритиш ва овоз бериш жараёнида кўмаклашади. Бундан ташқари, “Бюджет элчилари” танлови доирасида фаол фуқароларнинг мукофотланиши, шунингдек, фуқароларни ташаббусли бюджетлаштириш жараёнига жалб этиш даражаси бўйича ҳудудлар рейтингининг тузилиши ва унинг “Очиқ бюджет” ахборот порталига мунтазам жойлаштириб борилиши фуқаролар учун ўзига хос рағбат бўлиши мумкин. 

Татбиқ этиш натижалари. 2021 йилда ташаббусли бюджетлаштириш лойиҳаси бўйича 1600 дан ортиқ лойиҳани молиялаштириш учун 407,1 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди. Фуқаролардан энг кўп таклиф ички йўлларни таъмирлаш (408), таълим муассасалари (367), ичимлик суви таъминоти, канализация ва суғориш тизимларини қуриш (131), кўчаларни ёритиш (115) бўйича келиб тушди.

2022 йилнинг февраль-март ойларида фуқароларнинг ташаббусли бюджет платформасидаги фаол иштироки жараёнида 69,7 мингдан ортиқ таклиф олинди.

Уларнинг катта қисми ички йўлларни таъмирлаш ёки қуриш – 17,2 минг (барча ташаббусларнинг 25 фоизи), мактаблар – 10,1 минг (15 фоиз), мактабгача таълим муассасалари – 4,4 минг (6 фоиз) ҳақида эканлиги маълум бўлди. Фуқаролар, шунингдек, ёритиш тизимларини таъмирлаш ёки ўрнатиш, ичимлик суви билан таъминлаш, болалар майдончалари, маҳалла биноларини таъмирлаш, газ ва электр таъминоти ҳамда бошқа масалаларда ўз таклифларини билдирди. (2-расм)).

2022 йилнинг биринчи ярми учун овоз бериш натижаларига кўра, 2022 йилнинг 1 апрелигача бир ой мобайнида 6,7 миллион ҳамюртимиз ташаббусли бюджетнинг 40,2 мингта лойиҳаси бўйича овоз берган. Пировардида 2215 та лойиҳага энг кўп овоз берилган. Уларни молиялаштириш учун биринчи босқичда 1,11 триллион сўм маблағ ажратилди. (3-расм).

 Иккинчи босқичда «Очиқ бюджет» порталида ташаббусли бюджет доирасидаги оавоз бериш жараёнида 2 мингдан ортиқ овоз олган 139 та лойиҳани молиялаштириш учун 85,4 миллиард сўм қўшимча тарзда йўналтирилди.

Молиялаштириш тармоқлар бўйича қуйидагича тақсимланди:

•76 та умумтаълим мактабини жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш;

•23 та маҳаллада ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш;

•13 та мактабгача таълим муассасасини таъмирлаш ва жиҳозлаш;

•5 та соғлиқни сақлаш муассасасини таъмирлаш ва жиҳозлаш;

•ва бошқа тадбирлар.

Икки босқич якунларига кўра, умумий овозларнинг 4871 мингдан ортиғи (72,5 фоизи) фуқаролар томонидан ғолиб деб топилган лойиҳалар учун берилгани ойдинлашди. 

Ташаббусли бюджетлаштириш лойиҳаларини амалга оширишни кенгайтириш йўналишлари. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳудуд, туман ва маҳаллаларнинг маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари даражасида :

а) ҳудудлар ва маҳаллий ўзини-ўзи идора қилиш органларини ривожлантириш стратегиялари ва дастурларининг самарадорлик кўрсаткичларига фуқароларнинг ташаббусли бюджетлаштириш доирасида бюджет масалалари, лойиҳаларнинг амалга оширилишини муҳокама қилишдаги иштирокига оид кўрсаткичларни киритиш;

б) ҳокимликлар даражасида аҳолининг маҳаллий ўзини-ўзи идора қилиш органлари ва бюджет жараёнларига жалб қилинишини фаоллаштириш, жамоатчилик назоратининг амалга оширишга энг яхши амалиётни жорий этиш бўйича ишлар;

в) давлат дастурлари, устувор аҳамиятга эга лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишда ташаббусли бюджетлаштириш методологияси доирасида ижтимоий талаб ва эҳтиёжлар рўйхатини кенгайтириш.

2022 йилда ташаббусли бюджетлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш натижаларидан келиб чиқиб, маҳаллий бюджетларнинг тасдиқланган харажатларини 10 фоизгача ошириш мақсадга мувофиқ. Фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида тегишли лойиҳаларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш тартибини ишлаб чиқиш, аҳоли фаровонлигини ошириш борасидаги мақсад ва вазифаларни муваффақиятли амалга ошираётган маҳаллалар ва ҳоким ўринбосарларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш зарур.

Хулоса. Кейинги йилларда ижро этувчи ҳокимият органлари масъулиятини кучайтириш, маҳаллий Кенгашларнинг ролини ошириш, барча даражалардаги муҳокама ва қарорларни қабул қилиш жараёнларига фуқароларни кенг жалб этиш жиддий эътибор қаратилмоқда.

Ҳудудларда ташаббусли бюджетлаштириш аҳоли ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари учун қайси жиҳатлари билан фойдали бўлиши мумкин? Ташаббусли бюджетлаштириш бу

фақат фуқаролик жамияти раҳбарлигида бюджет маблағлари қандай сарфланаётганини мониторинг қилишнинг молиявий воситаси эмас. Унга, шунингдек, маҳаллий аҳамиятга молик ижтимоий масалаларни ҳал этишда ўзининг яхши жиҳатларини намоён эта олган механизм,

ижтимоий ҳодиса сифатида ҳам эътибор кучаймоқда.

Бюджет маблағларидан фойдаланишнинг жамоатчилик томонидан назорат қилиниши

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнининг шаффофлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган.

Фуқаролардан келиб тушувчи мурожаатлар орқали аҳолини ташаббусли бюджетлаштириш жараёнига жалб этишнинг махсус механизми ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этиш воситаси бўлиб хизмат қилади. Фуқаролар инфратузилмаларни яхшилаш, йўлларни қуриш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа ташаббусли лойиҳаларга овоз бериш орқали маҳаллий бюджетнинг бир қисмини тақсимлашда иштирок этиши мумкин.

Ташаббусли бюджет жараёнларида иштирок этиш «Openbudget.uz» ахборот портали орқали амалга оширилади . Овоз бериш натижаларига кўра, ҳар бир ҳудудда ўтказилган овоз беришда ғолиб бўлган таклифлар туман ва шаҳарлар даражасидаги Фуқаролик ташаббуслари жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Шундай қилиб, ижтимоий бюджетлаштиришни у орқали жамиятнинг устувор мақсадлари давлат сиёсатини ишлаб чиқиш, айниқса давлат бюджетида ўз аксини яхшироқ топадиган жараён, дейиш мумкин. Бу эса ижтимоий-иқтисодий соҳалар, шунингдек, бошқарувда яхши натижа беради. 

Н.Ибрагимова,

ПМТИ лойиҳа раҳбари

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг