Президентимизнинг 2020 йил 8 октябрдаги «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши қабул қилингани бунга кенг йўл очди.
Маълумки, Фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи ташкил этилган. Шунинг баробарида қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқлангач, уларнинг номларини аниқлаш борасида изланишлар кўлами кенгайтириб, масъулларга вазирлик ва идораларнинг идоравий архивларидан фойдаланиш имконияти яратилган.
Шунингдек, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмаган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш белгиланган.
Бундан ташқари, Олий судда муайян сабабларга кўра реабилитация қилинмаган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш масалалари бўйича ишчи гуруҳи тузилган.
Ишчи гуруҳнинг изчил фаолияти, кўламли саъй-ҳаракати туфайли сўнгги йилларда совет даврида қатағон қилинган 1 031 нафар ватандошимиз реабилитация қилиниб, оқланди.
Куни-кеча Олий судга Ўрта Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси қошидаги Учлик Кенгашларининг махсус йиғилишининг 1930-1938 йиллардаги қарорларига кўра ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Хоразм, Бухоро, Жиззах ва Наманган вилоятлари ҳудудларида аксилинқилобий мақсадларда ҳаракатлар ва қуролли қўзғолонлар, террорчилик, бандитизм ва шпионаж содир этиш, Туркфронт махсус бўлими ҳайъати ҳамда Бутун Россия фавқулодда комиссияси Президиумининг махсус йиғилишининг 1920-1921 йиллардаги қарорларига кўра ҳозирги Фарғона вилояти ҳудудида босмачилик ҳаракатида иштирок этиш ҳамда ЎзССР Олий судининг 1938 йилдаги ҳукмига кўра партия ташкилотларида аксилшўро фаолиятини амалга оширганликда айбланган 198 нафар шахсга оид 11 та жиноят иши келиб тушиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди.
Бош прокурор ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида протестлар келтирилди.
2024 йил 6 май куни Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисларида ушбу протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 11 та жиноят иши бўйича 198 нафар шахсга нисбатан Олий суд
Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг оқлов ҳукмлари чиқарилди.
ССРИ Олий суди жиноят судлов ҳайъатининг 1930 йил 21 июндаги ҳукми билан Ўзбекистон ССР Олий суди раиси лавозимида ишлаган Саъдулла Қосимов ва бошқалар (жами 7 киши) Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 63-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга мол-мулкини мусодара қилган ҳолда ўлим ва озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.
Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг бугунги суд мажлисида С. Қосимовнинг набираси Ф. Саъдуллаев томонидан ушбу ҳукм устидан берилган кассация шикояти ҳамда Бош прокурор ўринбосари томонидан ушбу жиноят иши юзасидан келтирилган кассация протести ҳам кўриб чиқилди.
Натижада С. Қосимов ва бошқаларга нисбатан чиқарилган айблов ҳукми бекор қилиниб, уларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги ҳамда жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли айбсиз деб топилиб, оқланди.
Шу аснода адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди.
Мустақиллик йўлида фидокорона кураш олиб борган, ҳатто ўз жонини фидо қилган қатағон қурбонларининг пок номлари халқимиз қалбида мангу яшайди.