Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 30/06/2018 Танзила Нарбаева: Жамиятимизда ҳар бир аёл бахтли бўлишга ҳақли
Танзила Нарбаева: Жамиятимизда ҳар бир аёл бахтли бўлишга ҳақли
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Ҳар бир аёлнинг ортида – унинг оиласи, фарзандлари туради. Шундай экан, ҳар бир аёл бахтли бўлишга ҳақли”, - дея бошланади Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг раиси Танзила Нарбаеванинг facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифада чоп этилган мақола.

“Биз мустақил, демократик давлатда яшаётган эканмиз, ҳар биримиз учун яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда жамиятга, давлатга фойдамиз тегиши учун хизмат қилишимиз зарур.

Аёлларнинг ўз оиласини, шириндан-шакар фарзандларини ташлаб, узоқларда пул топиш мақсадида тайинли уй-жойсиз, меҳнат дафтарчасисиз, бировларнинг қўлига қараб ишлаши - бу албатта, ҳар биримизнинг оғриқли нуқтамиздир.

Сабаби, Она узоқда бўлгач, ўз фарзандларига берадиган меҳрни яна ким бера олади? Ахир ҳозирги кунда барча ҳудудларимизда ишсизлик муаммоси ҳал этилмоқдаку, аҳолига жуда қулай шароитлар яратилмоқдаку!

Биргина шу йилнинг 5 ойида 131 минг хотин-қизларимизнинг бандлиги таъминланди.

Лекин биз ривожланиб бораётган Ўзбекистонимизни мана шундай бахтли бўлишдан умидини узган аёл билан, онасининг меҳрига зор бўлиб юрган болалар билан қурмоқчимизми? Ахир бизнинг ўзбек аёлига шундай юриш ярашадими?

Мана шу муаммони бартараф этиш мақсадида куни кеча Республика хотин-қизлар қўмитаси томонидан пойтахтимизнинг Куйлик бозори атрофига норасмий ёлланма иш излаб келган опа-сингилларимизнинг сайёр қабули ўтказилди.

Қабулда иштирок этиш учун ҳудудлардан хотин-қизлар қўмиталари вакиллари, бандлик марказлари, ички ишлар идоралари ходимларини ҳам таклиф этдик.

Тошкент шаҳрига республикамизнинг турли ҳудудларидан келган 112 нафар аёллар билан суҳбат ўтказдик. Улар бундай самимий суҳбатдан дили ёришиб, юрагидаги дарду-ҳасратларини тўкиб солдилар.

Аёлларимизнинг аксарият кўпчилиги Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридан бўлиб, уларнинг айримларида фуқаролик паспортларининг йўқлиги, айримлари ҳатто ҳомиладор эканликлари, уйи бўлмаганлиги учун Тошкентга келганлиги, яна айримлари турмуш ўртоқларининг қийноқларига чидай олмай, аразлашиб келганликлари аниқланди.

Шу ернинг ўзидаёқ 67 нафар аёлларимизнинг муаммоси ўз ечимини топди. Кўпчилик аёлларимиз ҳудудий қўмиталаримиз ходимлари билан ўз уйларига қайтарилди. Уларнинг барча муаммолари ҳал этилади, энг асосийси - бандлигини таьминлаш чоралари албатта кўрилади.

Сайёр қабулимиз жараёнида қўлида ҳунари бўлмаган ёш аёлларни касбга ўргатиш ва ўз ишини бошлашлари учун имконият яратиш мақсадида уларни зарур асбоб-ускуналар билан таъминлаш ҳам режалаштирилди.

Энди бундай ишларни барча ҳудудларда олиб борилишини йўлга қўямиз, чунки жамиятимизда ўз йўлини ҳали топа олмаётган, қийналиб яшаётган опа-сингилларимиз кўп. Уларни рози қилиш эса - бизнинг асосий мақсадимиз”, - дея қайд этган Бош вазир ўринбосари Танзила Нарбаева.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг