Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 17/07/2024 Таълим йўналишлари сони яна ошади
Таълим йўналишлари сони яна ошади

Олмалиқ шаҳридаги «Металлург» маданият саройида МТТУ МИСиС Олмалиқ филиали битирувчиларига дипломларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчисининг иккинчи котиби Илья Матвеев, Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Мирзабек Ҳасанов, ОКМК бошқаруви раисининг ходимлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Саъди Шерматов, МТТУ МИСиС Олмалиқ филиали директори Фарҳод Умаров ва филиалнинг бизнес ҳамкорлари талабаларга катта ҳаёт йўлида муваффақиятлар тилашди.

Тадбир аввалида олийгоҳ фаолиятини акс эттирувчи видеофильм намойиш этилди. МИСиС ректори А.Черникованинг талабаларга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.

Тадбир меҳмонлари томонидан филиалнинг «Металлургия» ва «Ишлаб чиқаришни ва технологик жараёнларни автоматлаштириш» йўналишлари бўйича 70 нафар битирувчига бакалавр дипломлари топширилди.

Битирувчиларнинг 13 нафари олийгоҳни аъло баҳоларга тамомлашди. Олийгоҳ битирувчиларининг асосий қисми юртимиз корхоналарига ишга жойлашган бўлиб, 30 фоизга яқини Россиядаги университетда магистратура босқичида ўқишни давом эттиради. 

Тошкент давлат филармонияси симфоник оркестрининг жозибали мусиқалари, «Металлург» МС бадиий жамоалари томонидан тайёрланган концерт дастури барчага байрамона кайфият улашди.

Бир гуруҳ талабалар устоз ва ўқитувчиларга, олийгоҳни доимий равишда қўллаб-қувватлаб келаётган ОКМК раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирди.Айниқса, «Садо» ансамбли солисти, хонанда Акбар Атамухаммедовнинг шўх-шодон тароналари барчани рақсга чорлади. 

Олийгоҳнинг Олмалиқ филиали Президентимизнинг 2018 йил 11 майдаги қарори асосида ташкил этилган бўлиб, филиал техника ва технология соҳасида мукаммал мутахассислар тайёрлайдиган таълим муассасасидир. «Металлургия» ва «Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш» йўналишларининг бакалавр босқичи илк қалдирғочлари 2022 йилда учирма бўлган. Кон иши мутахассислиги бўйича илк битирувчилар 2024 йилда филиални тамомлаган.

2024-2025 ўқув йилидан бошлаб мавжуд «Металлургия» ва «Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш» бакалавр йўналишлари ҳамда «Кон иши» мутахассислигидан ташқари, яна иккита – «Ахборот технологиялари» ва «Иқтисодиёт» мутахассисликлари бўйича абитуриентлар қабул қилинмоқда. Келгусида эса «Энергетика» мутахассислиги бўйича ҳам ёшлар ўқишга қабул қилиниши режалаштирилган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Россиянинг энг илғор университетларининг 14 филиали фаолият кўрсатмоқда, яна 3 тасини очиш бўйича келишувларга эришилган. Дунёнинг ҳеч бир бошқа давлатида бунднай кўрсаткичлар йўқ.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг