Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Молия 28/05/2022 Таълим даражаси иш ҳақига қандай таъсир қилади?
Таълим даражаси иш ҳақига қандай таъсир қилади?

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) иш ҳақининг таълим даражасига боғлиқ ҳолда ортиб боришини ўрганиб чиқди.

Юқори ва паст малакали иш ўринларида меҳнатга тўланадиган иш ҳақи ўртасидаги тафовут билан бирга, ходимлар малакаси, кўникмаси ҳамда энг паст таълим даражасига қўйиладиган талаблар ҳам ортиб бормоқда. Ходимларнинг малака даражасига қўйиладиган талабларнинг муттасил ортиб бориши, ўз навбатида бутун дунёда "умр бўйи таълим" концепциясини янада оммалаштирмоқда. Ўзбекистонда таълимнинг нисбатан юқорироқ даражасидаги диплом эгалари меҳнат бозори иштирокчисига айлангач, сарфлаган вақти ва кучини оқлайдиган компенсация олаяптими? ПМТИ бу саволга илмий асосланган жавобларни олиш учун расмий таълим даражасининг иш ҳақига таъсирини, иқтисодиёт соҳалари ва таълим даражаси бўйича эмпирик баҳолаш мақсадида тадқиқот ўтказди.

Тадқиқот натижаларга кўра, Ўзбекистонда иш ҳақидаги устама фан доктори (ёки DSc) илмий унвони учун 61% дан, PhD ёки фан номзоди учун 41% дан юқори.Шу билан бирга бакалавр босқичининг имтиёзли дипломига эга ходимлар меҳнат бозорида оддий диплом соҳибларига қараганда 8,5% кўпроқ маош олади. Ушбу тадқиқот юқори таълим даражасига эга бўлиш учун сарфланган вақт ва саъй-ҳаракат ўзини оқланишини тасдиқлайди.

Ўзбекистонда таълимнинг юқорироқ босқичлари келтирадиган иқтисодий манфаатни баҳолаш учун ПМТИ мутахассислари 18 ёшдан катта фуқаролар иштирокида “Таълимнинг даромадга таъсири” мавзусида онлайн сўров ўтказди. Унда асосан ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланувчи тасодифий респондентлар қатнашди. Ўзбекистон Республикасининг турли ҳудудларидан онлайн тартибида жами 1152 та (61% эркаклар ва 39% аёллардан) жавоб олинди. Тадқиқотда 906 та сўровнома натижаси баҳоланди (ўз ҳоҳишига кўра ишламайдиган, вақтинча ишсиз, фарзанд тарбияси билан банд, кундузги бакалавриат, магистратура, таянч докторантура ва докторантурада таълим олувчи фуқароларнинг жавоблари, шунингдек, нотўғри тўлдирилган ҳамда бир хил жавоблар инобатга олинмади).

Таълим даражаси бўйича 906 нафар респондентнинг 3,3% ини DSc (ёки фан докторлари), 18,2% ини PhD (ёки фан номзодлари), 33,1% ини магистрлар, 33,3% ини бакалаврлар, 15,3% ини бакалавриат ва магистратура тизими татбиқ этилгунга қадар олий таълим олганлар, 7,0% ини ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари, 3,0% ини ўрта ва 0,4% ини таянч ўрта (9 синф) билимга эга бўлганлар ташкил этди. 

Таълимнинг иқтисодий манфаати “Минцернинг даромадлар тенгламаси” асосида таҳлил қилинди. Таълим даражалари сифатида DSc (Doctor of science) ёки фан доктори ҳамда PhD (Doctor of Philosophy) ёки фан номзоди илмий даражалари танланди. Баҳолаш Stata дастурий таъминотида энг кичик квадратлар услубида амалга оширилди.

Баҳолаш натижаларига кўра (1-жадвал) Ўзбекистонда ҳар бир қўшимча таълим йили иш ҳақининг ўртача 10% ошишига имконият яратади ва бу кўрсаткич БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти - ЮНЕСКО нинг баҳосига мос келади: «Бутун дунё бўйича, 139 та давлатда даромадлилик меъёри таълимнинг ҳар бир қўшимча йилига 10% ни ташкил қилади» .

DSc ёки фан доктори илмий унвонига эга ва иқтисодиётда банд бўлганлар ўрта ҳисобда 61%, PhD ёки фан номзодлари эса ўзларидан олдинги таълим даражасига эга ходимларга нисбатан 41% кўпроқ маош олади.

Имтиёзли дипломга эга респондентлар (бакалавр босқичи битирувчилари ёки Болон тизимига ўтилгунга қадар ОТМларнинг битирувчилари) меҳнат бозорида оддий диплом соҳибларига нисбатан 8,5% кўпроқ маош олади.

Сўровда иштирок этганлар орасида иқтисодиёт тармоқлари бўйича компьютер технологиялари соҳасида банд бўлганларнинг ўртача ойлик маоши энг юқори эканлиги маълум бўлди. Улар (таълим даражаси ва унинг давомийлигига қараб) бошқа тармоқларда банд бўлганларга нисбатан 28% дан 37% гача кўпроқ иш ҳақи олади. Иқтисодчилар 24-37%, молиячилар 29-30%, профессионал ва илмий-техник фаолият (юридик, консалтинг, бухгалтерия ва профессионал хизматлар) билан шуғулланувчиларнинг ўртача ойлик маоши 27-38% кўп эканлиги ойдинлашди. Давлат бошқаруви ва мудофаа йўналишларида банд бўлганлар ўз меҳнати эвазига 25-31% кўпроқ маош олади. Саноат тармоғи вакиллари 22-24%, қурилиш соҳаси вакиллари эса 25% кўпроқ иш ҳақи олиши аниқланди.

Умуман, иқтисодиётда эркакларнинг маоши аёлларникига нисбатан 23% дан 28% гача юқори. Шу билан бирга ҳар бир қўшимча таълим йили аёлларнинг даромадини 11% га оширса, эркакларда ушбу кўрсаткич 8,7% ни ташкил қилади. Оилали эркаклар бўйдоқларга нисбатан 16% кўпроқ маош олса, турмуш қурганидан сўнг аёлларнинг

маоши 27% га камайиши кузатилади. Пойтахтимиз меҳнат бозорида банд бўлганларнинг иш ҳақи бошқа ҳудудлардаги иш ҳақига нисбатан 23-24% (эркакларда 30%, аёлларда 16,3%) юқорироқ.

Таълим даражаси турлича бўлган респондентларнинг ойлик маоши ўртасидаги тафовут таҳсил олаётганлар ва уларнинг оилаларига оила аъзосининг таълим олиши учун сармоя киритиш бўйича тўғри қарор қабул қилишда ёрдам беради.

ПМТИ экспертлари тадқиқотнинг кейинги босқичида зарур билим, маҳорат ва юқори малакага эга бўлиб, маълум бир касбни эгаллаш учун қанча миқдорда сармоя киритиш зарурлигини ҳисоблаш имконини берадиган калькуляторни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг