Айтиш керакки, бугун тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини бошлаш учун ҳали-ҳануз турли давлат идораларига мурожат қилмоқда, лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириш жараёнида турли муаммоларга дуч келмоқда. Кўпгина давлат хизматлари, афсуски, ҳали ҳам анъанавий усулларда, қоғоз шаклида кўрсатилмоқда.
Янги қарор асосида “Ягона дарча” марказлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 16 турдаги рухсатномаларни бошқа идораларга бормасдан расмийлаштириш амалиёти келгусида сансалорликларнинг олдини олишга, тадбиркорларнинг вақти ва моддий сарф-ҳаражатларини тежашга кўмаклашади.
Қарорда назарда тутилган чора-тадбирлар давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида сансалорлик, бюрократик тўсиқлар ва расмиятчилик ҳолатлари вужудга келишига йўл қўймасликка, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш орқали уларнинг сифати ва самарадорлигини тубдан оширишга қаратилган.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ туман ва шаҳарларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатиш марказлари туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарувига ўтказилмоқда. Бу эса “Ягона дарча” марказларини самарали бошқариш, уларнинг фаолиятини ва бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этишга нисбатан тизимли ёндашувни белгилаш имкониятини беради.
Ишонаманки, қарорни амалга ошириш, шубҳасиз, тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатишни янги сифат босқичига кўтаришга, аҳолининг давлатга нисбатан ишончини оширишга, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғояни ҳаётга жорий этишга яқиндан кўмаклашади. Ўз навбатида, тадбиркорлар иш фаолиятини тизимли йўлга қўяди, ортиқча сансалорлик, қоғозбозликларга чек қўяди, муҳими, тадбиркорлик субъектларининг эркин самарали фаолият юритишини таъминлайди.
Ёқутхон Азимова, “Зайнаб инвестор” хусусий корхонаси раҳбари:
—Кейинги йилларда мамлакатда хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни таъминлаш борасида яратилаётган қулай шарт-шароитлар самарасида режадан ташқари текширишларга чек қўйилиб, ишбилармонлар учун кенг йўл очилди.
Айниқса, тадбиркорлик тузилмаларига давлат хизматлари кўрсатиш сифати ва улардан фойдаланиш имкониятларини тубдан оширишга доир комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилгани, тадбиркорлик фаолиятидаги турли ноқонуний текширишни олдини олишга қаратилган фармон ва қарорлар қабул қилингани тадбиркорлар учун айни муддао бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг яқинда матбуотда эълон қилинган “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори эса ортиқча қоғозбозликларнинг олдини олиши билан ниҳоятда долзаб аҳамиятга эгадир.
Эндиликда тадбиркорлик субъектларига юқоридаги лицензия ва рухсатномаларни олиш учун бошқа идораларга бормасдан, уларни аниқ муддатларда берадиган “Ягона дарча” марказларига тўғридан-тўғри мурожат қилиш имконига эга бўлади. “Ягона дарча” марказлари барча зарур келишиш тартиб-тамоилларини тадбиркорлик субъекти иштирокисиз мустақил амалга оширади. Зеро, қарорда назарда тутилган чора-тадбирлар давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида сансалорлик, бюрократик тўсиқлар ва расмиятчиликларнинг олдини олишда, эркин самарали фаолият юритишига қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Бугун биз тадбиркорларнинг қувончимиз чексиз, ўйлаган мақсадларимизга тез ва осон йўл билан эришаяапмиз. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилингани тадбиркорлик фаолиятимизни янада кенгайтиришда, эмин-эркин самарали фаолият юритишимизда, сифат ва сон жиҳатидан янги юксак натижаларни қўлга киритишимизга кенг замин яратади. Энди биз тадбиркорлар солиқ тўлаш ва инвестиция киритиш орқали мамлакат иқтисодиёти ривожига, одамларнинг бандлигини таъминлашга катта ҳисса қўшамиз.