Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 26/01/2018 Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини эркинлаштириш ва соғлом рақобат муҳитини таъминлаш O‘zLiDePнинг ҳам устувор вазифаси
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини эркинлаштириш ва соғлом рақобат муҳитини таъминлаш O‘zLiDePнинг ҳам устувор вазифаси
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимизнинг тараққиётининг янги босқичида қабул қилинаётган ҳар бир ҳуқуқий ҳужжат юртимиз салоҳиятини янада юксалтириш, иқтисодиётга инвестицияларни кенг жалб этишга қаратилмоқда.

Куни-кеча қабул қилинган Президентимизнинг “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-табирлари тўғрисида”ги қарори ҳам иқтисодиётимизни янада ривожлантириш ва халқимиз турмуш фаравонлигини оширишга хизмат қилади. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ўтказган давра суҳбатида Президентимиз имзолган ана шу икки ҳужжат мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз борди.

Тадбирда таъкидланганидек, Президентимизнинг “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, шунингдек, мазкур соҳадаги мавжуд тизимли муаммоларга барҳам беришга хизмат қилади. Жумладан, истеъмол товарларини республика товар-хом ашё биржаларида сотиш (сотиб олиш)га қўйилган тақиқ бекор қилиниши ва шакар ишлаб чиқарувчиларни 2019 йилнинг 1 январига қадар импорт хом ашёси асосида ишлаб чиқарилган ҳажмлар қисмига қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинаётгани истеъмол маҳсулотлари танқислигини олдини олади. Улгуржи савдога лицензия олишда энг кам иш ҳақининг 3500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда, шундан пул маблағлари энг кам иш ҳақининг 1200 бараваридан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилган устав фонди мавжудлиги ҳақидаги талаб бекор қилиниши эса озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришдаги монополияга чек қўяди.

Шунингдек, фармонда озиқ-овқат товарлари нархини пасайтириш ва барқарорлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдаги сансалорлик ва бюрократияни бартараф этиш, мамлакатимизда ишчанлик муҳитини яхшилаш бўйича асослантирилган таклифлар киритиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари, жумладан, аҳамиятга молик озиқ-овқат товарларини экспорт ва импорт қилувчилар, чет эллик инвесторлар ва хорижий ҳамкорлар билан мунтазам очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотларни ташкил этиш белгиланмоқда. Бу меъёр давлат идоралари тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвестор ва харидорлар ўртасида очиқ ва шаффоф мулоқот майдонини шакллантиради.

Яна бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони озиқ-овқат товарларини олиб кириш бўйича айрим субъектларга тақдим қилинган индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлар, шунингдек, бошқа преференцияларнинг бекор қилиниши носоғлом рақобат, айрим маҳсулот турлари импортининг монополлаштирилиши, нархнинг сунъий оширилиши, асоссиз фойда кўришга кўмаклашувчи шарт-шароитларга барҳам бериш борасида муҳим қадам бўлди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, Президентимизнинг “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-табирлари тўғрисида”ги қарори ҳам мамлакатимизда соғлом рақобат майдонини яратишга хизмат қилади. Зотан, амалдаги тизим бўйича маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етарли ҳажмда ишлаб чиқарилмайдиган, талаб юқори бўлган маҳсулотлар ва хом ашё ресурслари турларини импорт қилишда божхона божлари ставкасининг юқорилиги уларнинг тақчиллигини юзага келтирмоқда. Энергия тежовчи технологияларни жорий қилган корхоналар учун рағбатлантирувчи механизмларни ишлаб чиқиш муддатларининг чўзилиши тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш харажатларини кўпайтирмоқда. Шу боис қарорда белгиланган вазифалар иқтисодиёт тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот, хом ашё ва материал турлари билан барқарор таъминлаш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан янада самарали фойдаланиш, шунингдек, иқтисодиётни либераллаштириш шароитида маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Айниқса, қарорда белгиланган юқори ликвидли маҳсулотлар ва хом ашё ресурсларини биржа савдоларида реализация қилишнинг самарали бозор механизмларини жорий этиш, норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш фаолиятини лицензиялашнинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш – тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада ривожлантириши шубҳасиз.

Тадбирда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Медиация тўғрисида”, “Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунлари лойиҳалари мазмун-моҳияти муҳокама қилиниб, O‘zLiDeP фаоллари томонидан илгари сурилган таклиф-тавсиялар ҳақида фикр билдирилди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг