Давлатимиз раҳбарининг 2016-йил 5-октябрдаги Фармони ижроси доирасида қабул қилинган мазкур Қонун мамлакатимизда тадбиркорликка кенг йўл очиш, улар фаолиятига ноқонуний аралашувларга йўл қўймаслик, бу борадаги ҳуқуқий кафолатларни кучайтиришга қаратилган бўлиб, амалдаги 13 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.
«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги, «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги, «Хусусий корхона тўғрисида»ги, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги, «Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек Солиқ, Бюджет, Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси кодекслари шулар жумласидандир.
Мазкур қонунларга киритилган тузатишларга мувофиқ молиявий-хўжалик фаолиятини амалга ошириш чоғида биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорларни ва уларнинг ходимларини, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган шахсларни, агар етказилган зарарнинг ўрни улар томонидан ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида қопланган ва ҳуқуқбузарлик оқибатлари ихтиёрий равишда бартараф этилган, тадбиркорлик субъектининг рўйхатдан ўтказилиши таъминланган ва зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатлар расмийлаштирган тақдирда, жавобгарликнинг барча турларидан озод этиш белгиланди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзидаги жиноий жазони қўллашга тақиқ белгилаш назарда тутилган.
Ушбу қоидалар тадбиркорлик субъектларини икки томонлама жазолашни истисно этибгина қолмай, балки илк бор ҳуқуқбузарлик содир этган ва ўз айбини англаб етган фуқароларга ҳеч қандай салбий оқибатларсиз тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш имкониятини беради, уларнинг ишбилармонлик борасидаги фаоллигини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Қонун билан назарда тутилган муҳим янгиликлардан бири – бу режадан ташқари текширишлар, шунингдек жиноят ишлари бўйича муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилингани ҳисобланади.
Айни пайтда жиноят-процессуал қонунчилигида қўзғатилган жиноят ишлари бўйича молия-хўжалик фаолияти текширувларни (тафтишларни) тайинлаш, ўтказиш ва уларнинг муддатини узайтиришнинг аниқ процессуал тартиби белгилаб қўйилди. Қонунчиликка киритилган ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишларга ва уларнинг фаолияти тухтатиб қўйилишига йўл куймасликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур Қонун билан шунингдек, ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга доир бошқа бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам назарда тутилган.
Ушбу Қонуннинг амалда самарали татбиқ этилиши мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг асосий омили сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги маъмурий ғов ва сунъий тўсиқларни бартараф этиш ва иқтисодиётимизнинг янада жадаллик билан ривожланишига асос бўлиши шубҳасиз.
Мазкур Қонуннинг самарали ижросини таъминлашда парламент назорати шаклларидан кенг фойдаланиш, тадбиркорлар, фермерлар ва аҳоли барча қатламлари вакиллари билан доимий мулоқот олиб бориш, уларни ўйлантираётган муаммоларни ечиш олдимизда турган муҳим вазифамиздир.
Раҳимжон ҲАКИМОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси.