Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Иқтисод 03/01/2017 Тадбиркорлик фаолияти янада эркинлашади
Тадбиркорлик фаолияти янада эркинлашади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда 2016-йил 29-декабрда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди.

Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари С.Турдиев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида бозор ислоҳотларининг ҳаётимизга изчил татбиқ этилаётгани иқтисодиётимиз ривожланишини таъминлаётганини таъкидлади. Янги қонун тадбиркорлик субъектлари фаолиятини асоссиз аралашувлардан ишончли кафолатлаш билан бирга, жиноят ишлари бўйича тафтишлар ўтказишни процессуал жиҳатдан аниқ тартибга солиши билан аҳамиятлидир.

Қонунда молиявий-хўжалик фаолиятни амалга ошириш чоғида биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектларини ва уларнинг ходимларини, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган шахсларни, агар етказилган зарарнинг ўрни улар томонидан қопланган ва ҳуқуқбузарлик оқибатлари ихтиёрий равишда бартараф этилган тақдирда жавобгарликнинг барча турларидан озод этиш, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзидаги жиноий жазони қўллашга тақиқ белгилаш назарда тутилган.

– Ушбу қоидалар тадбиркорлик субъектларини икки томонлама жазолашни бартараф этибгина қолмай, балки илк бор ҳуқуқбузарлик содир этган ва ўз айбини англаб етган фуқароларга ҳеч қандай салбий оқибатларсиз яна фаолиятини давом эттириш имкониятини беради, – дейди партия фракцияси аъзоси, қуйи палатанинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Дониёр Абдуқодиров. – Қонунда бир қатор қонунчилик ҳужжатларига муқобил текширувларнинг барча турларини, жумладан, жиноят ишлари бўйича муқобил текширишларнинг барча турларини бекор қилишга тааллуқли тузатишлар киритилган. Бу тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг олдини олади. Мамлакатимизда хусусий мулкни ва ишбилармонлик фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Йиғилишда ушбу ҳуқуқий ҳужжат иқтисодиётимизни либераллаштириш ва бозор муносабатларини янада чуқурлаштириш орқали халқимиз фаровонлигини таъминлаш ва қонун ижроси устидан самарали назорат ўрнатишда парламентнинг ваколати ва масъулиятини янада оширишга кўмаклашиши қайд этилди. Жойларда партия кенгашлари ва депутатлар иштирокида ушбу қонуннинг амалиётга жорий этилиши билан боғлиқ тарғибот тадбирларини ўтказиш лозимлиги таъкидланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг