Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 14/09/2017 Тадбиркорлар Янгиер кичик саноат зонаси фаолияти билан танишди
Тадбиркорлар Янгиер кичик саноат зонаси фаолияти билан танишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Маълумки, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” да ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали хорижий сармояларни фаол жалб этиш борасида устувор вазифалар белгилаб берилиб, бунда айниқса кичик саноат зоналарни ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилган.

Давлатимиз раҳбарининг кичик саноат ҳудудларини ташкил қилиш борасидаги қарор ва фармонлари соҳани янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Амалга оширилаётган ушбу ишлар энг аввало худудларда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш хажмини ошириш ва шу орқали иқтисодиётни янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ҳудудлардаги кичик саноат зоналарни ривожлантириш борасидаги ушбу саъй-ҳаракатларнинг изчил ва самарали амалга оширилиши устидан ўз депутатлик бирлашмалари орқали қатъий парламент ва депутатлик назоратини амалга ошириш, мамлакат Президенти томонидан қўйилган вазифаларни тегишли ташкилотлар томонидан ўз вақтида мукаммал амалга оширилиши мониторингини олиб бориш O‘zLiDeP олдида турган муҳим вазифалар сирасига киради.

Бу борада партиянинг жойлардаги депутатлик гуруҳлари ва фаоллари томонидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Сирдарё вилоятидаги Янгиер кичик саноат зонасида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан амалий мулоқот бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу саноат зонасида режага кўра 2017-2018 йилларда тўқимачилик, чарм-пойабзал, кимё, озиқ-овқат, электротехника саноати, қурилиш материаллари, мева-сабзавотни чуқур қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Бугунги кунда саноат зонаси учун 537 гектардан кўпроқ ер майдони ажратилиб, уни йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари билан таъминлаш, ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш юзасидан маълум ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбирнинг биринчи қисмида Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги O‘zLiDeP партия депутатлик гуруҳининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари, масъул вазирлик ва идоралар, Марказий ва тижорат банклари вакиллари иштирокида O‘zLiDeP депутатлари томонидан амалга оширилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида кичик саноат зонасини барпо этиш тўғрисида”ги қарори ижросининг бажарилишини ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.

Ўрганиш даврида депутатлар томонидан Қарорнинг бажарилиши юзасидан ижро ҳокимияти қарорлари, чора-тадбирлар режалари таҳлил қилиниб, улар асосида тегишли вазирлик, идора ва банкларга 30 дан ортиқ депутатлик сўровлари юборилди. Ундан ташқари, кичик саноат зонаси ҳудудида тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди.

Айтиш жоизки, ҳозирги кунга қадар барча тижорат банклари томонидан 29 та лойиҳа учун 11 млрд 493 млн. сўмлик кредит маблағлари, 6 та лойиҳа учун ер майдонлари ажратилган.

Амалга оширилган ижобий ишларга мисол қилиб, вилоят ҳокимининг қарори билан “Original Oil Group” МЧЖга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш учун лойиҳа қиймати 9 млн. 699 минг еврони ташкил этувчи агромажмуа қуриш учун 8,04 га ер участкаси ажратилганлигини кўрсатиб ўтиш мумкин. Эътиборлиси, ишлаб чиқарилган 100 фоиз маҳсулот экспорт қилинади ва 200 та янги иш ўрни яратилади. Ёки “TRANSGAZINJINIRING” унитар корхонаси учун газ ҳисоблаш ускуналарига пломбалар, мини-механика маҳсулотлари, газ қувурлари учун изоляцион плёнкалар ишлаб чиқариш цехлари мажмуасини қуриш учун 1,0 га ер участкаси ажратилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 900 минг АҚШ долларини ташкил этиб, корхона ишга тушгач, 180 та янги иш ўрни яратилади.

Ушбу ижобий ишлар билан бир қаторда қарор ижросини таъминлашда бир қатор камчиликлар ҳам аниқланди. Хусусан, тадбиркорлик субъектларига ушбу зонада мавжуд имтиёзлар тўғрисида тўлақонли маълумот бериш тизимининг йўқлиги, тижорат банклари томонидан кредитларнинг ўз вақтида ажратилмаётганлиги сабабли айрим лойиҳаларнинг бажарилишидаги кечикишлар, хизмат кўрсатиш ташкилотлари фаолиятида кузатилаётган сусткашликлар шулар жумласидандир.

Ушбу йўналишда мавжуд камчиликларни тезликда бартараф этиш борасида аниқ вазифалар белгиланди.

Ушбу тадбирнинг ўзига хослиги, унинг фақат депутатлик назорати билан чекланмасдан, O‘zLiDeP томонидан тадбиркорлар учун ўзига хос тақдимот ташкил этилганлигида ҳам кўриш мумкин.

Хусусан, тадбирнинг иккинчи қисмида Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан ташриф буюрган 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари Янгиер кичик саноат зонаси имкониятлари, бу ерда тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирилди.

Шунингдек, тадбиркорлар ягона солиқ тўлови, ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган материаллар ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловлари тўлашдан озод қилиниши, кичик саноат зонаси иштирокчилари учун зарур ташқи муҳандислик коммуникациялари ва инфратузилмалар қурилиши “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АК ва “Ўзбектелеком” АКнинг ўз маблағлари, шунингдек, Сирдарё вилоятининг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши каби имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

—Мазкур кичик саноат зона фаолияти билан танишар эканмиз, бу ерда тадбиркорлар ўз фаолиятини эмин-эркин бошлаши ва давом эттириши учун барча шароитлар яратиб берилганлигига гувоҳ бўлдик, - дейди Тошкент шаҳридаги “ICEBERGMIXCOLOUR” МЧЖ раҳбари Санжар Валиев. —Айниқса, коммуникация тармоқлари, темир йўл линияларининг мавжудлиги, маҳсулот экспорт қилувчи тадбиркорлар айнан шу ернинг ўзида божхона хужжатларини тўлдириш имконига эга эканликлари менга жуда ҳам маъқул бўлди. Келгусида ушбу кичик саноат зонасидан ер олиб, қурилиш молларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонамизнинг филиалини очишга қарор қилдим.

Тадбир якунлари юзасидан Президентимизнинг мазкур қарори ижросини таъминлаш юзасидан галдаги чора-тадбирлар белгилаб олинди, ушбу кичик саноат зонада ишларнинг бориши вилоят кенгашидаги O‘zLiDeP партия депутатлик гуруҳининг қатъий назоратига олиниши хусусида қарор қабул қилинди. Шунингдек, кичик саноат зонадаги имкониятлар билан яқиндан танишган ўндан ортиқ тадбиркорлар билан ушбу кичик саноат зона дирекцияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзоланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг