Валюта курслари 13/11/2024
$1 – 12793.38
UZS – -0.08%
€1 – 13595.52
UZS – -0.6%
₽1 – 130.73
UZS – 0.07%
Қидириш
Иқтисод 28/03/2017 Тадбиркорга ҳокимликдан 179 млн. сўмдан ортиқ зарар ундириб берилди
Тадбиркорга ҳокимликдан 179 млн. сўмдан ортиқ зарар ундириб берилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Яхши ният билан иш бошлаган тадбиркорлар фаолиятсизлигининг асосий сабаблари нимада? Улар фаолиятини талаблар даражасида ташкил этиш учун нималар қилиш керак?

Қарши шаҳрида O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан ўтказилган “Қулай ишбилармонлик муҳити - тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишнинг муҳим омили” мавзуида ўтказилган давра суҳбатида бозор инфратузилмаси ҳисобланган – тижорат банклари, консалтинг, маркетинг, инжиниринг, лизинг ва суғурта ташкилотлари, мутасадди маҳаллий давлат ҳокимияти органлари иштирокида воҳадаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ўз фаолиятини тугатиш ва тўхтатганлик сабаблари атрофлича муҳокама қилинди.

-Тадбиркорлик субъектлари учун қатор қулайликлар яратилди, - дейди вилоят Статистика бошқармаси бўлим бошлиғи Камолиддин Овлақулов. – Илгари кичик корхона ва фирмалар йилига тўрт маротаба статистик ҳисобот топширган бўлсалар, эндиликда бир марта топширишаяпти. Статистика тизимида 65 турдаги давлат статистика ҳисоботлари шакли қисқартирилиб, 23 та ҳисоботнинг тақдим этиш даврийлиги узайтирилди. 2017 йил 1 январь ҳолатида вилоятимизда рўйхатдан ўтган кичик тадбиркорлик субъектлари сони 14 минг 327 та бўлиб, шундан 853 таси фаолият кўрсатмаяпти. Мазкур тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам бериш мақсадида ўтган икки ой мобайнида ўрганилиб, 36 тасининг фаолияти қайта тикланди. 31 таси эса “истиқболсиз” деб топилиб, фаолияти тугатишга берилди. Улар фаолиятсизлигига молиявий маблағларнинг етарли эмаслиги, тайёрлаётган маҳсулотига бўлган талабнинг камлиги, солиқ ва мажбурий тўловлардан қарздорлигининг мавжудлиги, хом ашё йўқлиги, ишлаб чиқариш ускуналиринг эскирганлиги, бино ва ер майдони мавжуд эмаслиги ва бошқа муаммолар сабаб бўлмоқда.

Бироқ мавжуд имтиёз ва шароитлардан фойдаланишда ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас.

-Мен раҳбарлик қилаётган корхона билан “Қаршипахтасаноаттранс” МЧЖ ўртасида 2016 йили корхонамда мавжуд бўлган “ISUZI” микроавтобуси ва “Зил -130” русумли юк ташиш ҳамда “Кобальт” русумли енггил автомашиналар билан техник хизмати кўрсатиш тўғрисида шартнома имзоланган, - дейди Муборак туманидаги “Дуржон тиш даволаш” хусусий корхонаси раҳбари Ойбек Боймирзаев. - Шартнома шартларига кўра корхонамиз томонидан “Косон пахта тозалаш заводи” АЖнинг ишчи-хизматчиларини ташиш, инвентар маҳсулотларни етказиб бериш, завод масъулларини енгил автомашина билан корхона ва ташкилотларга олиб бориб-келиш хизматлари бажарилган. Шартнома асосида кўрсатилган техника хизмати ишлари қиймати жами 119 млн. 361 минг 328 сўмни ташкил қилган.

Биз шартнома шартларини тўлиқ бажарган бўлсак-да, “Қаршипахтасаноаттранс” МЧЖ шартномага асосан тўланадиган маблағни бир йилдан буён тўламаяпти. Бу ҳақида жамият раҳбари ва барча масъулларига бир неча бор мурожаат қилдик, натижа бўлмади. Оқибатда корхонамиз фаолиятини кенгайтириш мақсадида банкдан олинган 115 млн. сўмлик кредитимизни тўлашга қийналаб қолдик. Ҳозирги кунда банкдан қарздорлигимиз 200 млн. сўмдан ошиб кетди. Агар қарзимизни ундира олмасак, корхонамиз фаолияти тўхтатилиб, барча ишчи-хизматчиларимиз ишсиз қолиши мумкин.

-Воҳамиздаги тадбиркор ва ишбилармонларга танлаган лойиҳалари бўйича технологиялар излаб топиш, бизнес режалар ишлаб чиқиш, таъсис ҳужжатлари тайёрлаш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келаяпмиз, - дейди Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудидий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мансур Назаров. – Ўтган йили бошқарма томонидан судларга 7 минг 154 та даъво аризалари киритилиб, 6 минг 506 таси қаноатлантирилган. Бошқармамиз ҳузуридаги “Ҳакамлик суди” томонидан 2 млрд. 886 млн. сўмлик 22 иш кўриб чиқилган. “Бинокор” шўъба корхонаси фойдасига хўжалик суди томонидан Қарши шаҳри ҳокимлигидан 179 млн. 116 минг 237 сўмлик зарар ундириб берилди.

Давра суҳбатида тадбиркорлик субъектлари ва фермерлар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш учун вилоятдаги солиқ, божхона, савдо-саноат палатаси, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармалари вакилларига тегишлилиги бўйича ўрганиб чиқиш учун тақдим этилди. Шунингдек, вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳлари аъзолари томонидан янада самаралироқ иш олиб бориш, тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг