Аввало шуни таъкидлаш керакки, маърузани диққат билан тинглаб, юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган янгиланишлардан кўзланган мақсад-муддао инсонни эъзозлаш ва халққа хизмат қилиш эканлигига яна бир бор амин бўлиш мумкин. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида амалга оширилаётган энг муҳим ўзгаришлар ҳақида сўз юритиб, аввало, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш, жамиятда адолатни қарор топтириш, халқ билан очиқ мулоқотни янги босқичга кўтариш каби долзарб масалалар ҳақида асосли фикрларни ўртага ташлади.
Ҳақиқатан ҳам, Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегиясининг ҳаётга татбиқ этилиши юртимизда ислоҳотлар изчиллиги ҳамда бардавомлигини таъминлади. Таъбир жоиз бўлса, барча ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.
Бу йил барчамиз яна бир тарихий воқеага гувоҳ бўлдик. Конституциямизнинг 25 йиллигини нишонлаш арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисида фармон қабул қилинди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакат тарихида илк бор мазкур фармоннинг қабул қилиниши, Асосий қонунимизда қайд этилганидек, Ўзбекистон инсонпарвар давлат қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганининг амалий исботи, юртимизда инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқлари олий қадрият сифатида тан олинишининг ёрқин ифодаси бўлди.
Маърузада кўтарилган ҳар бир йўналиш юртимиз, элимиз келажаги учун ниҳоятда долзарблигини, мамлакатмиз раҳбари мамлакат Конституциясининг чорак асрлик тарихида айнан шу мавзуларни бежиз кўтармаганини ҳар бир юртдошимиз яхши тушиниб, англаб турибди, албатта.
Ушбу устувор вазифалар ичида алоҳида урғу тадбиркорликни ривожлантириш масалалари билан боғлиқ бўлганини таъкидлаб ўтмоқчи эдик. Ҳақиқатдан ҳам, ўтган қисқа давр — бир йил ичида бу борада ниҳоятда катта ўзгаришлар амалга оширилди. Очиғи, буни ҳар бир тадбиркор ўз фаолиятида ҳис қилаётганига марказда ва жойларда ўтказаётган учрашувларимизда амин бўлиб турибмиз. Қолаверса, бу саъй-ҳаракатларнинг амалий натижалари бугун жаҳон молиявий институтлар раҳбарларининг самимий эътирофлари, халқаро рейтингларда ҳам акс этмоқда. Ўзбекистон айнан тадбиркорларга яратилаётган шароитлар бўйича 2017 йилда жаҳондаги энг илғор ўнта ислоҳотчи давлат қаторидан жой олгани мамлакатимизнинг бу йўналишдаги ҳаракатлари нақадар қатъийлигини бутун дунёга намоён этди.
Ижобий ўзгаришлар бугун нафақат тадбиркорларга солиқ ва бошқа йўналишларда берилаётган имтиёзларда ёки тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказишу фаолиятни лицензиялаш каби жараёнларда яратилаётган енгилликларда, балки соҳадаги институционал янгиланишларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бугун аксарият вазирликларнинг фаолияти мазмун-моҳияти тубдан ўзгартирилиб, тадбиркорликни ривожлантириш, инвестициялар жалб қилишга яқиндан кўмак бериш улар учун асосий масалаларга айланган. Мамлакатда ишбилармонлик муҳитининг ривожига тўсиқ бўлиб келаётган валюта конвертацияси масаласининг ниҳоятда қисқа вақтда тадбиркорлар учун оғриқсиз ҳал этилиши хорижий оммавий ахборот воситаларида ҳалигача экспертлар таҳлилига мавзу бўлиб қолмоқда. МДҲ давлатлари ичида биринчилардан бўлиб мамлакат раҳбари ҳузурида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтининг жорий этилиши бу борада ташланган ниҳоятда катта қадам бўлди.
Президентимиз томонидан юртимиз тараққиёти учун белгиланган муҳим йўналишлар орасида тадбиркорликнинг бундан кейин ҳам энг муҳим устуворликлардан бўлиб қолиши ниҳоятда аҳамиятлидир. Тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлигини амалда таъминлаш бундан буён ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолишини таъкидлар экан, мамлакатимиз раҳбари “Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ана шу конституциявий қоиданинг изчил амалга оширилиши ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини жадал ривожлантириш бўйича олиб бораётган барча ишларимизнинг мазмун-моҳиятини белгилаб беради”, деб таъкидлади. Бош қомусимизда тадбиркорлик ривожи, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш борасидаги қоидаларнинг бундан кейин ҳам давлатимиз раҳбарининг бевосита эътиборида ва назоратида бўлиши соҳанинг янада кенг қулоч ёйиши учун мустаҳкам асос яратишига ҳеч бир шубҳа йўқ.
Мамлакатимиз раҳбарининг тадбиркорлик ривожига бундай эътибор қаратаётгани ҳамда ушбу эътиборни амалда намоён этаётгани бежиз эмас, албатта. Бугун тадбиркорлик нафақат иқтисодий юксалиш омили, балки аҳоли бандлиги, халқ фаровонлигининг муҳим шартига ҳам айланган. Ижтимоий мажбуриятларни амалга оширишга асоси бўладиган бюджетнинг даромад қисми айнан тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан боғлиқлиги ҳеч кимга сир эмас. Шунинг ўзиёқ тадбиркорлик жамиятимиз ҳаётида қандай ўрин тутишини яққол кўрсатиб турибди. Президентимиз маърузаларидан бирида “Тадбиркорлик – тараққиёт локомотиви, юрт таянчи” деган сўзлари замирида жуда катта маъно ётибди. Демак, тадбиркорлар йўлига ғов бўлишни Ватан равнақининг локомотиви, яъни етакловчи, олға бошловчи куч олдига тўсиқ қўйиш, кўзланган марраларга эришишга тўсқинлик қилиш сифатида қабул қилиш керак бўлади.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси жойларда ўтказаётган учрашувларда мамлакатимиз раҳбари маърузаларининг мазмун-моҳиятини, айниқса, тадбиркорлик ҳаракати ҳимояси билан боғлиқ куйиниб билдираётган фикрлари, йўл-йўриқларини атрофлича тушунтиришга алоҳида эътибор қаратиши лозим.
Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг “Тадбиркор йўлига тўсиқ бўлишни давлат сиёсатига хиёнат деб қабул қилиш керак” дея қатъият билан айтган сўзлари партиямиз фаолиятида асосий шиорга айланади.
Бахтиёр Якубов,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси
раиси вазифасини бажарувчи