Президент Шавкат Мирзиёев 18 апрель куни сув хўжалигида ва фармацевтика саноатида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда келгуси вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.
Йиғилиш аввалида сув хўжалигидаги 4 та катта масала таҳлил қилинди. Булар – сув йўқотилиши, насос станцияларининг энергия истеъмоли кўплиги, сув захиралари камлиги ҳамда сув тежовчи технологиялар билан боғлиқ.
Хусусан, каналларнинг фойдали иш коэффициенти пастлиги ва ички тармоқларда сув кўп йўқотилиши оқибатида қишлоқ хўжалигида йилига 4 миллиард 800 миллион доллар кам даромад олинаяпти.
Шу боис Жиззах вилояти Пахтакор туманида, тажриба тариқасида, ёпиқ қувурли суғориш тизимини жорий қилиш мўлжалланмоқда.
Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳа ташаббускорининг таклифларини эшитиб, уни қўллаб-қувватлади. Бундай ишларни сув етказиб бериш харажатлари энг юқори бўлган Қашқадарё, Наманган ва Сирдарё вилоятларида ҳам амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Бунга илм билан ёндашиб, лойиҳа харажатларини қисқартириш, ёпиқ қувурли суғориш тизимини жорий қилиш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Маълумки, узоқ далаларга сув насос станциялари ёрдамида етказилади. Уларнинг аксарияти эскилиги туфайли электр энергияси истеъмоли жуда юқори. Ҳали бирорта ҳам йирик насос станцияси муқобил энергия манбаига ўтказилмаган. Шартлар аниқ белгиланмагани сабабли кўп тадбиркорларнинг лойиҳалари тўхтаб турибди, бюджетдан электр учун катта маблағлар сарфланаяпти.
Шу боис насос станцияларини хусусий шерикликка бериш, уларда муқобил энергия манбаларини жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Бунга Тошкент Ирригация институти олимлари жалб қилинади, самарали лойиҳаларга қулай шартларда кредитлар берилади.
Минтақамизда сув танқис бўлган бир шароитда, юртимизда йилига 1 миллиард куб метр сел сувлари беҳуда оқиб кетаяпти.
Президентимиз сел сувларини кичик манбаларда жамғариш мумкинлигини, бу борада ташаббускорларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.
Бундай лойиҳалар учун 100 миллион доллар жалб қилинадиган бўлди. Уларнинг ҳисобига сув чиққан майдонлар тадбиркорларнинг ўзларига узоқ муддатга эркин фойдаланиш учун берилади.
Ҳозирги кунда 450 минг гектар ёки суғориладиган майдонларнинг 15 фоизи лазерли технологияда текисланган. Агар бундай ерлар 2 баравар кўпайтирилса, яна 900 миллион куб метр сув тежалади, қўшимча 200 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади.
Шунинг учун жорий йилда мингта лазерли текислагич олиб келиниши, кластерлар томонидан фермерларга лазерли текислаш хизматлари йўлга қўйилиши белгиланди.
Сўнгги йилларда 400 минг гектарда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий қилинган. Бу йил яна 80 минг гектар майдонда ишлар бошланган.
Бундай технологияларни янада рағбатлантириш мақсадида, шу йил 1 апрелда имзоланган қарорга мувофиқ, донли экинлар ва сабзавот етиштиришда сув тежовчи тизим жорий қилинган ҳар бир гектар учун субсидия миқдори ҳозирги 1 миллион сўмдан 8 миллион сўмга оширилди. Банк кредит ставкаси фермерлар учун 17 фоиз этиб белгиланди.
Бу имкониятларни миришкорларга етказиб, молиявий рағбатлантириш муҳимлиги қайд этилди. “Агробанк” ҳузурида сув тежамкорлиги бўйича янги лойиҳаларни шакллантириш учун алоҳида марказ ташкил қилиб, хориждан малакали мутахассисларни жалб этиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда фармацевтика тармоғидаги лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди.
Сўнгги олти йилда бу соҳада жами 527 миллион долларлик 177 та лойиҳа ишга туширилган. Хорижий инвестициялар 9 баробарга ортиб, 35 та корхона халқаро GMP стандартини жорий этган. Натижада ишлаб чиқариш 3 баробарга, экспорт 5 баробарга ошган.
Лекин маҳсулотлар бозорини топиш, сифат ва рақобат борасида масалалар кўплиги сабабли ўтган йили ишлаб чиқариш ҳажми бироз камайган. Импорт эса ошган.
Шу боис йиғилишда фармацевтика соҳасида қўшимча лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳамда корхоналарни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, тармоқда умумий қиймати 725 миллион долларлик 207 та лойиҳани амалга ошириш, шундан 68 тасини бу йил ишга тушириш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари тадбиркорларга кредит юкини енгиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Шунинг учун Асака банк лойиҳаларнинг 25 фоизгача қисмига ўз улуши билан кириб, инвестор сифатида иштирок этиши белгиланди. Маҳаллийлаштиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш ва айланма маблағ билан таъминлашга 300 миллион доллар узоқ муддатли кредит ресурслари жалб қилинади. Банк ҳузурида фармацевтика лойиҳалари маркази очилиб, тадбиркорларга ёрдам кўрсатади.
Кам қувватда ишлаётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш ҳисобига, 400 турдаги янги маҳсулотларни ўзлаштириш ва 670 миллион долларлик импорт ўрнини қоплаш мумкинлиги айтилди. Бунинг учун корхоналарга 18 ойгача муддатда 1 миллион долларгача “револьвер” кредит, экспортчиларга тушум суғуртасини гаровга олган ҳолда 2 миллион долларгача кредит берилади.
Онкология ва онкогематология учун зарур бўлган дори воситалари ва моддаларни хориж технологияси асосида юртимизда ишлаб чиқариш имконияти кўрсатиб ўтилди. Соҳадаги кўплаб корхоналарни GMP сертификати талабларига мослаштириш вазифаси қўйилди.
Тошкент фармацевтика кластеридаги лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.