Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Surhan gas chemical operating company (SGCOC) компанияси Сурхондарё вилоятида маҳсулотни бўлиб олиш тўғрисидаги келишув доирасида разведка қудуқларида бурғулашни бошлади.
2017 йил апрелида Ўзбекистон ҳукумати инвесторлар — Gas Project Development Central Asia (GPD, Gazprom International шўъба тузилмаси), Altmax Holding ва «Ўзнефтгазқазиш» ДАУ билан Сурхондарё вилоятида газни қайта ишлаш мажмуасини қуришни ўз ичига олган «Ўзбекистон мустақиллиги» инвестицион блокидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конини ўзлаштириш бўйича консорциум имзолаган эди.
«„Мустақилликнинг 25 йиллиги“ конида „Барвақт газ“ дастурини амалга ошириш бошланди. Мазкур дастурнинг биринчи босқичи разведка қудуқларини бурғулашни кўзда тутади», — дейилади хабарда. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, SGCOC Eriell халқаро сервис гуруҳи билан конда 15 та разведка ва баҳолаш-эксплуатация қудуқларини қуриш бўйича шартнома имзолади.
Оператор мартда 160 км км майдонда 3D дала сейсморазведка ишларини якунига етказди. China National Petroleum Corporation бўлинмаси ҳисобланган BGP пудратчи сифатида фаолият кўрсатади.
Лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 2018−2022 йиллар давомида қудуқларни бурғулаш, конларни жиҳозлаш, инвестицион блокда геологик разведка ишларини ўтказиш, 5 млрд куб метр қувватга эга газни қайта ишлаш заводи ва инфратузилмаларини қуриш режалаштирилмоқда. Биринчи босқич қиймати 2 млрд доллардан зиёдроқни ташкил этади.
Иккинчи босқичда — 2023−2025 йилларда -маҳсулот газини чуқур қайта ишлаш йўли билан йилига 500 минг тонна полимер маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун газ-кимё мажмуасини қуриш режалаштирилган. «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конини ишга тушириш ҳамда газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бўйича лойиҳа қиймати 5,8 млрд долларни ташкил этади. Лойиҳа 35 йилга мўлжалланган.
Манба: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.