Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 11 январь куни Франциянинг Страсбург шаҳридаги Gare Centrale станциясида, марказий вокзал яқинида, икки трамвай тўқнашиб кетди.
Ҳодиса натижасида 50 га яқин киши жароҳат олди, беш нафари оғир аҳволда
Нижний Рейн департаменти ёнғин-қутқарув хизмати директори Рене Силье маълумотига кўра, жабрланганлар орасида бош жароҳатлари, синиш ва чиқишлар бор. Жабрланганларнинг ярмига яқини шифохонага жойлаштирилди.
Ҳодиса жойида 130 дан ортиқ ёнғин-қутқарув ходимлари иш олиб бормоқда. Станцияда трамвай ҳаракати тўхтатилди, вокзал олди майдони полиция томонидан ўраб олинди. Автобуслар ҳаракати ҳам вақтинча тўхтатилди.
Ҳодисага дастлабки сабаб – йўл ўтказгичи (стрелка) нотўғри йўналишга кўрсатилган бўлиши мумкин. Ҳозирда ҳодиса юзасидан тергов олиб борилмоқда.
Страсбург мэри Жанна Барсегян ҳодиса жойига ташриф буюриб, қутқарув хизмати ходимларига миннатдорлик билдирди ва аҳолини қутқарув ишларига тўсқинлик қилмасликка чақирди.
Бу 1994 йилда Страсбургда трамвай ҳаракати тикланганидан бери энг йирик трамвай тўқнашуви ҳисобланади. Шаҳар аҳолисига марказий вокзал ҳудудидан узоқроқ бўлиш тавсия этилмоқда.