Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 4 февраль куни Адлия вазирлигида Стокголм савдо палатаси (SCC) Арбитраж институтининг бош котиби Каролине Фалконер билан бўлиб ўтган учрашувда адлия ва ҳуқуқ соҳасида ҳамкорлик алоқалари, хусусан, низоларни ҳал қилишнинг муқобил имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Даставвал, Ўзбекистонда арбитраж институтини ривожлантиришда амалга оширилаётган ишлар, сўнгги тенденциялар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, 2021 йилда янги “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисидаги”ги Қонун қабул қилиниб, унда тижорат низоларини ҳал қилиш тартибига жиддий ўзгартиришлар киритилганлиги қайд этилди. Ушбу қонун арбитраж жараёнларига ишончни оширишга ва арбитраж институтларини ривожлантиришга қаратилган.
К. Фалконер, ўз навбатида Ўзбекистонда арбитраж институтини ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотларни юқори баҳолади. Стокголм савдо палатаси арбитраж институтининг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берди. Жумладан, SCC арбитраж институтининг низоми ўзбек тилига таржима қилиниб, институтнинг расмий сайтига жойланганини айтиб ўтди.