Бугун ижтимоий тармоқлар орқали юртимизда вакцина олган фуқаролар учун 750 минг сўм миқдорида пул маблағи берилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қилади.
Сир эмас, коронавирус пандемияси даврида айрим ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали турли асоссиз, ҳеч қандай ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва расмий манбалар орқали тасдиқланмаган уйдирма маълумотларни тарқатиш ҳоллари тез-тез кузатилмоқда.
Бу эса, ўз навбатида, кенг жамоатчилик орасида турли тушунмовчиликларнинг юзага келишига, баъзи ҳолларда эса ортиқча саросималарга сабаб бўлмоқда. Жумладан, вакцина олган фуқаролар учун 750 минг сўм миқдорида пул маблағи берилаётгани ҳақидаги юқорида келтирилган ахборот ҳам ана шундай мақсадда тарқатилган бўлиб, ҳеч қандай расмий асосга эга эмас.
Шу боис вазирлик аҳолидан бу каби фейк хабарларга ишонмасликларини, вакцинация жараёнлари билан боғлиқ энг тўғри маълумотларни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий сайти ҳамда расмий телеграмм саҳифалари орқали олишлари мумкинлигини эслатиб ўтади.
Унутманг, бу каби ёлғон хабарларни тарқатиш тегишли тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.