Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика педиатрия марказида метапневмовирус билан касалланган болалар сони ортиб, марказ тўлиб-тошгани ҳақидаги хабарларни асоссиз деб рад этди.
Вазирлик айрим Telegram-каналларда тарқалган маълумотларни ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади.
Вазирликнинг тушунтиришича, беморлар оқимининг вақтинча кўпайиши марказнинг бешта бўлимида — янги туғилган чақалоқларга ғамхўрлик қилиш, патология ва реанимация, гепатология, нефрология ва умумий педиатрия бўлимларида профилактик санитария ва дезинфекция ишлари тугаганидан сўнг уларнинг қайта фаолият бошлаши билан боғлиқ.
Мазкур бўлимлар 6 январь куни фаолиятини тиклаган ва бу ҳодиса вақтинчалик юкланиш ошишига олиб келган. Шунингдек, вазирлик таъкидлашича, педиатрия маркази инфекцион касалликларга чалинган беморларни қабул қилмайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини асоссиз ва нотўғри маълумотларни тарқатмасликка чақирди.
Бундан аввал вазирлик маълум қилганидек, метапневмовирус 2001 йилдан бери мавжуд бўлган мавсумий вирусли инфекциядир.
Ҳозирги вақтда мамлакатда рўйхатга олинган вирусли инфекциялар орасида грипп (39,9%), риновирус (32,2%) ва респиратор-синцитиал вирус (30,6%) кенг тарқалган бўлиб, метапневмовирус ҳолатлари жами инфекциялар орасида атиги 1,2% ни ташкил этади.
Мутаҳассислар маълумотларига кўра, метапневмовирус одатда енгил шаклда ўтиб, ЎРВИ аломатлари билан намоён бўлади. Камдан-кам ҳолларда бронхиолит ёки пневмония каби асоратлар келиб чиқиши мумкин.